Акаевнинг собиқ президент мақомини тиклаш рад этилди
Қирғизистон парламенти республика биринчи раҳбари Аскар Акаевнинг собиқ президент мақоми тикланиши таклифини рад этди. Бу ҳақда қонун чиқарувчи ассамблея матбуот хизмати журналистларга маълум қилган.
– Жогорку Кенеш ушбу қарорни қўллаб-қувватлади ва вақтинча депутатлик комиссиясини тузиш ҳақидаги аризани қаноатлантиришдан бош тортди, – деган масъул вакил.
Биринчи президент сентябрь ойи бошида айни масалада мурожаат қилганди. Агар сўралган мақом тикланса, у президентлик давридаги ишлари учун жавоб бермасди. Президент маошининг 75 фоизи миқдорида пул олиш, давлат томонидан умрбод қўриқланиш каби имтиёзларга эга бўларди. Ҳозирги етакчи Садир Жапаров Акаевнинг сўровига изоҳ бераркан, ушбу масала бўйича қарорни парламент қабул қилишини айтиб, давлат раҳбари бу ишга аралашмаслигини таъкидлаган.
Физик олим, академик Аскар Акаев Қирғизистонни 1990 йил, яъни мамлакат суверенитетга эришган пайтдан бошқарди. 2005 йил 24 мартдаги воқеалар ортидан истеъфога чиқиб, ватанини тарк этган. Аҳолининг норозилигига, хусусан, собиқ президентнинг йирик давлат активларини хусусийлаштиришда иштирок этган оила аъзолари ва шериклари ҳатти-ҳаракати сабаб бўлган. Акаевга қарши қўзғатилган жиноий иш 2023 йил январь ойи бошида даъво муддати ўтгани боис тўхтатилган.