“AKADEMNASHR”дан совғалар...
“AKADEMNASHR” нашриёти 2021 йилда бир қатор яхши китобларни нашр этишга муваффақ бўлди. Темирпўлат Тиллаевнинг “Ўлим ўпқони”, Мурод Човушнинг “Ҳеч” китоблари шулар жумласидандир.
Ҳар икки китобга ёзувчи Назар Эшонқул сўзбоши ёзган.
“Ўлим ўпқони”дан Темирпўлат Тиллаевнинг “Ворис” ва “Ўлим ўпқони” қиссалари жой олган. Мурод Човушнинг “Ҳеч”идан фарқли равишда адибнинг бу асарлари вақт ва давр чиғириғидан аллақачон ўтиб бўлган. Ўтган асрнинг 80-йиллари эълон бўлган бу асарлар ўз даврида анча шов-шув бўлган, адибга шуҳрат келтирган ва шунинг ортидан ўттиз ёшларда бўлган ёзувчи собиқ Иттифоқ ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинган эди. Назар Эшонқул адиб ва унинг асарлари ҳақида фикр билдириб: ”Бундай адиблар асарлари сони билан эмас, балки адабиётга олиб кирган овози, қарашлари, ҳатто айтиш мумкинки, жумлаларию ўхшатишлари билан адабиётга дахлдор бўлиб қолаверади, вақт бу хил истеъдодларни четга чиқариб ташлолмайди...” деб ёзади.

Ёзувчи Мурод Човушнинг “Ҳеч” китобидан ҳам икки қисса ўрин олган. Муроднинг “Ҳеч” ва “Қора денгиз” қиссалари бир қарашда бир-бирини тўлдириб тургандек таассурот қолдиради. Анъанавий қиссаларга ўхшамаган бу асарлар ҳақида Назар Эшонқул шундай ёзади: “Мурод Човушнинг “Ҳеч”и ўзининг ифода усулидан тортиб тилга, воқеликка, инсонга, маконга, замонга, мавжуд тафаккур ва тасаввур қолипларига бўлган муносабатига кўра замонавий адабиётимизда дунё бадиий мушоҳадаси силсилалари, хусусан, Пруст, В.Вульф, Беккет, Ионеско, М.Пуиг, Мураками билан бўйлашмоқчи бўлган ўзига хос тажрибалардан биридир...”
Яна бир гап. Мурод Човушнинг “Ҳеч” китоби қисқа муддатда учинчи марта қайта нашр бўлаётгани ҳам адиб асарларига бўлган қизиқишнинг ортаётганидан далолатдир.
“Ўлим ўпқони” ва “Ҳеч”ни ўқинг.
Алишер Нарзулло, ЎзА