Академик Воҳид Абдуллаевни эслаб
Табиатда қуйма олтин, ёмби гавҳар учрайди, дейдилар.
Ёднома
Табиатда қуйма олтин, ёмби гавҳар учрайди, дейдилар. Гавҳари шабчироқ ҳақидаги эртакни ўқигансиз. Хўш, ёмби гавҳар, гавҳари шабчироқ деб аташга арзигулик инсонлар учрамайдими? Ёмби гавҳар ўзидан нур таратиб турармиш, унинг ёғдусида кечаси китоб ўқиса бўлармиш. Ўзидан нур таратиб турадиган инсонлар йўқми? Бор, атоқли адабиётшунос олим, академик Воҳид Абдуллаев ана шундай сиймо эдилар. Неча йиллар Самарқанд адабий муҳитини машъал бўлиб ёритиб турдилар.
Мен бу муҳтарам зот ила Бухоро педагогика институти (ҳозирги университет)да танишганман. У киши давлат имтиҳонлари комиссиясининг раиси бўлиб келганди ўшанда. Басавлат, ширинсўз, бутун қиёфасидан нур таралиб турган Воҳид домла давраларнинг гули бўлган, бир неча шогирдлар орттирган эди Бухорода.
Иккинчи бор Тошкентда кўришиб, суҳбатлашдик. Суҳбатимиз қизиқ кечган. Бир куни эрталаб аспирантлар ётоғидан чиқсам, эшикда Воҳид домла турибдилар. Саломлашдим.
“Аспирантурада ўқияпсизми? Ҳай-ҳай, на гўзал, – дедилар табассум қилиб. – Ғайрат қилинг! Шоирдан ёмон олим чиқмайди”.
Кейин қайси мавзуда ишлаётганим, илмий раҳбарим ҳақида суриштирдилар. Ва тўсатдан: “Мени вокзалгача кузатиб қўйсангиз, учта муҳим гап айтаман, хурсанд бўласиз”, – дедилар.
“Жоним билан, домла”, — дедим ва қўлларидан портфелини олдим.
Иков йўлга тушдик. Аспирантлар ётоғидан катта йўлгача чамаси уч юз метр масофа. Ўн учинчи трамвайга ўтириб, вокзалга жўнадик. Тиқир-тиқир кетяпмиз... Вагонда одам сийрак. Воҳид домла овоз қўйиб, баланд руҳ билан ғалати бир шеър ўқидилар:
Нимайиз бор, нимайиз бор?
Бир намат, бўриёмиз бор.
Сенингдек подшоларга
Дуойи бериёмиз бор.
“Қалай? – дедилар мен томонга маъноли боқиб.
“Зўр!” – дедим.
“Ана шунақа! Бизга ҳамроҳ бўлсангиз, теша тегмаган шеърларни эшитаверасиз, — дедилар кулиб. – Келинг, энди биринчи муҳим гапни айтай... Сизни кекса ҳофиз Расулқори Мамадалиев. Хабарингиз борми?”
“Йўқ”, – дедим.
“Бўлмаса, эшитинг. Марғилонда эдик. Катта давра. Тўрда Расулқори ҳофиз. Ашулахонлик. Бир маҳал телевизорда “Марҳаба, талантлар!” кўрсатуви бошланди. Фарғоналик ёшлар билан бухоролик ёшлар беллашуви. Бухоролик қизлар сизнинг “Ҳай-ҳай, на гўзал, кўзгуда жонона кўринди” шеърингизни қўшиқ қилиб айтишди. Жюри раиси Туроб Тўла уларнинг ижросига ўн балл баҳо берди. “Шоирига ҳам тан бериш керак, — деди таъкидлаб, — шеърни қиёмига етказибди”.
Шунда Расулқори “Шоири ким?” деб сўраб қолдилар. Мен бухоролик ёш шоир Жамол Камол деб сизни таъриф-тавсиф қилдим... Кекса ҳофиз даврага юзланиб, келинглар биродарлар, шу йигитни бир дуо қилайлик деб, дуога қўл очдилар. Сизни астойдил дуо қилдилар. Давра аҳли, чамаси йигирма чоғли киши “омин!” деб дуога қўшилди... Ҳаммага ҳам насиб этмайди бу! Хўш, хурсандмисиз?”
“Хурсандман, умрлари узоқ бўлсин!” – дедим.
Трамвайда “тиқир-тиқир” кетяпмиз денг...
“Энди иккинчи гапни эшитинг, — дедилар Воҳид домла. – Биласиз, биз, ўзбеклар, Алишер Навоийга эга чиқдик. Тожиклар Абдураҳмон Жомийга, озарийлар Шайх Низомий Ганжавийга эга чиқишди. Амир Хисрав Деҳлавийга ҳеч ким эга чиқмади. Ота-боболари Шаҳрисабзнинг турк-лочин уруғидан, ўзи Ҳиндистонда туғилиб ўсган, ўша даврнинг анъанасига мувофиқ форсийда ижод этган. Форслар уни ҳинд шоири деса, ҳиндлар форс шоири дейди. Миллати бугуннинг ибораси билан айтганда – ўзбек... Ана шу буюк зотга биз эга чиқишимиз керак. Унинг ижодини ўрганишимиз, таржима қилиб, таржима қилиб, халққа тақдим этишимиз лозим. Бу борада сиз, ёш ижодкорлар фаоллик кўрсатсангиз, айни муддао бўлур эди. Маъқулми?”
“Маъқул”, — дедим мен.
Воҳид домла оҳангини келтириб, яна шеър ўқишга тушдилар.
Илоё, қорайсин фалакнинг юзи,
Жафо бирла жуфту вафо бирла тоқ.
Исодек кишига бериб бир эшак,
Эшакдек кишига берар арғумоқ.
“Қалай?” дегандек менга қарадилар.
“Зўр!” – дедим. Буни қарангки, бу кимнинг шеъри, деб сўрамабман ўшанда. Бу гап кейин хаёлимга келди.
Трамвай вокзалга яқинлашиб қолганда, учинчи муҳим гап ҳам айтилди.
“Ҳеч қачон мевани, сабзавотни пўсти билан еманг. Масалан, узумни ҳам, бодрингни ҳам пўстини айириб, арчиб енг. Негаки, пўст – қобиқ, мағизнинг ҳимоя қобиғи. Табиат уни шу мақсадда яратган, ейиш учун эмас. Шундоқ экан, мағиз билан пўстни ҳам қўшиб еб, ошқозон-ичакни қийнаманг. Пўст бари бир ҳазм бўлмайди... Соғликни асраб-авайлашни одат қилинг”.
“Раҳмат, домла!” – дедим.
Вокзалга етиб келдик. Трамвайдан тушиб, вокзал эшигига томон йўл оларканмиз, Воҳид домла мени ҳайрон қолдириб, яна шеър ўқий кетдилар:
Хушдирки дами ажал чекиб бодайи ноб,
Сармаст ётам қабрда то рўзи ҳисоб.
Ғавғойи қиёматда турам масту хароб,
На фикри ҳисоб ўла, на парвози азоб..
“Хўш, кимнинг шеъри бу?” – сўрадилар мендан.
“Фузулийники”, — дедим, мен бу рубоийни ёд билардим.
“Баракалла! – дедилар, — Навоий ва Фузулий икки беназир шоир. Уларни ҳар куни ўқиш керак”.
Домлани вокзал ичкарисига кузатиб, изимга қайтдим. Йўл бўйи боя эшитганим дастлабки икки шеърни ичимда такрорладим. Хотирамда нақшланиб қолди улар.
Йиллар ўтди. Бир гал Бухорога борадиган бўлдим. Янги китоби корректурасини ўқишга келган шоир укамиз Тошпўлат Аҳмад менинг машинамда бирга кетадиган бўлди. Машинани галма-галдан ҳайдаб, Самарқандга етдик. Улуғбек расадхонаси пойида, чойхонада овқатланиб, чой ичдик.
Тошпўлат тўсатдан эслаб қолди.
“Жамол ака, — деди у, — Воҳид домланинг хотини вафот этган... Кириб, кўнгил сўраб чиқмаймизми?”
“Адресни биласизми?”
“Биламан”, – деди Тошпўлат. У Самарқанд университетида ўқиган, адресни билиши шу туфайли эди.
“Ўтиринг машинага, ҳайданг”, — дедим.
Хуллас, бир неча айланма йўллардан ўтиб, Воҳид домланинг эшигига бордик. Қия очиқ дарвозадан қараб, супада ёғоч кароватда бошини эгиб, ёлғиз ўтирган домлани кўрдик. Ичкарига кириб, саломлашдик. Кўнгил сўрадик. Воҳид домла марҳумага атаб Қуръон ўқидилар, биз қўл очиб, “омин” дедик. Мен атрофга разм солдим. Деворларининг сувоқлари тўкилиб турган хароб ҳовлича. кимсан, бир неча йил Самарқанд давлат университетининг ректори бўлган, академик Воҳид Абдуллаев шундай хокисор аҳволда яшайди, деб ўйламагандим. Бу мўътабар инсонга бўлган меҳру ихлосим янада ортди...
“Умр йўлдошидан айрилиб қолган бу қайғули инсоннинг эндиги ҳаёти қандай кечаркин?” – деган ўй кўнглимдан ўтди. Худди саволимга жавоб бергандек, домла шу онда бир байт шеър ўқидилар:
Зиндаги бар гардан афтодаст, Бедил, чора чист?
Шод бошад зистан, ношод бошад зистан...
(Тириклик бўйнингга тушгач, Бедил, илож қанча?
Шод бўлсанг ҳам яшайсан, ношод бўлсанг ҳам, яшайсан)
Ярим соатча суҳбатлашиб, сўнг хайрлашиб, биз Бухорога жўнадик. Воҳид домла билан охирги кўришганим шу бўлди. Бошқа кўришмак насиб этмади. Оқкўнгил, олийҳиммат, мунаввар зот эдилар домла.
Илоё, жойлари жаннатда бўлсин!
Жамол КАМОЛ,
Ўзбекистон халқ шоири