Академик ҳамкорлик йўлга қўйилди
Гулистонлик талабалар учун Хитойда таълим олиш, ёш олимлар учун қўшма тадқиқотларда иштирок этиш имкониятлари кенгаймоқда. Гулистон давлат университети ва Хитойнинг Shaanxi A&F University ўртасида «Икки диплом» дастурларини ишлаб чиқиш, академик алмашинувни кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги ҳамда экология соҳаларида қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Гулистон давлат университетида Хитойнинг Shaanxi A&F University делегацияси билан ўтказилган учрашувда мавжуд алоқаларни янги йўналишлар билан кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Хусусан, қишлоқ хўжалиги, экология ва атроф-муҳит муҳандислиги соҳаларида қўшма тадқиқотлар ўтказиш, икки университет негизида илмий лаборатория ёки тадқиқот маркази ташкил этиш режалаштирилди. Шунингдек, Марказий Осиё–Хитой илмий ҳамкорлик дастурлари ва халқаро грант танловларида биргаликда иштирок этиш, ҳар йили 1–2 та устувор тадқиқот мавзуси бўйича аниқ иш режаларини ишлаб чиқишга келишилди.

Ёш олимлар ва тадқиқотчилар учун қўшма стажировкалар, малака ошириш дастурлари ҳамда илмий-таълим мактабларини ташкил этиш ҳам режалардан ўрин олди.
Илмий натижаларни халқаро майдонга олиб чиқиш мақсадида Scopus ва Web of Science базаларида индексланадиган журналларда йилига камида 3–5 та қўшма мақола чоп этиш, илмий нашрлар ўртасида мақолалар алмашинуви ва ўзаро тақризлаш тизимини йўлга қўйиш белгиланди. Шунингдек, қўшма илмий тўплам ва монографиялар тайёрлаш, ҳар йили илмий-амалий конференция ёки симпозиум ўтказиш кўзда тутилди.

Таълим йўналишида «Икки диплом» (Double Degree) тизими асосида қўшма бакалавриат дастурларини ишлаб чиқиш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви квотасини кенгайтириш, онлайн ва аралаш форматдаги қўшма ўқув курсларини ташкил этиш бўйича ҳам келишувларга эришилди. Ёзги ва қишки илмий-таълим мактабларини мунтазам ўтказиш ҳам режалаштирилди.

Учрашувда Гулистон давлат университети ректори Муҳсин Ходжиев ва Shaanxi A&F University Партия қўмитаси котиби Ҳан Мингжун бошчилигидаги делегация иштирок этди. Хитой томонидан Халқаро алоқалар бўлими директори ва Халқаро мактаб декани Янг Хуэжи, Ахборот муҳандислиги факультети декани Чен Гаофенг, Экология ва атроф-муҳит муҳандислиги факультети профессори Йи Хуэҳуи, Фан, технология ва таълим тадқиқотлари бошқармаси директорининг ўринбосари Янг Чжэньхуалар ҳам мулоқотда қатнашишди.

Ҳамкорликни амалий босқичга олиб чиқиш мақсадида мавжуд меморандум асосида 2027 йилга мўлжалланган Action Plan ишлаб чиқилади. Илмий ҳамкорлик бўйича масъул ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, биринчи қўшма лойиҳани 2026 йил якунига қадар бошлаш режалаштирилди.

— Бу ҳамкорлик, аввало, талабалар ва ёш олимлар учун янги илмий муҳит ва тажрибага йўл очади. Улар қўшма тадқиқотларда иштирок этиши, профессор-ўқитувчилар алмашинуви ва халқаро лойиҳаларда ҳамкорлик қилиши мумкин. Хитойда орттирилган илмий тажрибани университетдаги таълим жараёни ва тадқиқотларга татбиқ этиш ҳам муҳим аҳамиятга эга, — деди Гулистон давлат университетининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Дилмурод Эшмуродов.

Келишувлар икки университет ўртасидаги ҳамкорликни академик алмашинув, қўшма тадқиқотлар ва янги таълим дастурлари билан янада кенгайтиришга қаратилган.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири