"Аичи-Нагоя–2026": Абдулваҳоб Рашидов олтин медаль соҳиби
Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳарларида ўтказилаётган ХХ Осиё ўйинларида каратэ бўйича -67 килограмм вазн тоифасида ғолиб ва совриндорлар номи аниқланди.
Ушбу вазн тоифасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Абдулваҳоб Рашидов дастлабки саралаш босқичида гонконглик Пан Ченни, чорак финалда фаластинлик Маҳмуд Дифаллахни, ярим финалда эса иорданиялик Абдулраҳмон Алмасатфани мағлуб этиб, финалга йўл олди.
Ҳал қилувчи баҳсда ҳамюртимиз япониялик Юго Козакига қарши татамига чиқди. Ушбу баҳсда ғалаба қозонган Абдулваҳоб Рашидов олтин медалга сазовор бўлди.
Абдулваҳоб Рашидов Ўзбекистон делегациясига ХХ Осиё ўйинларидаги илк олтин медални тақдим этди. Айни пайтда делегациямиз ҳисобида 1 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медали мавжуд.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА