Аҳолининг қанчаси кекса ёшлилар?
Ўзбекистон аҳолисининг 10 фоизини кекса ёшлилар ташкил этади. 760 мингдан зиёд шахсда ногиронлик мавжуд.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Таъкидланишича, ривожланган давлатлар аҳолиси таркибининг 25 фоизини кекса авлод вакиллари ташкил қилиб, бу кўрсаткич йил сайин ўсиш тенденциясига эга бўлмоқда. Туғилиш кўрсаткичининг нисбатан баландлигига қарамай, бугунги кунда республикамиз аҳолисининг 10 фоизини кекса авлод вакиллари ташкил қилмоқда.
Дунё аҳолисининг 15 фоизини ногиронлиги бўлган шахслар ташкил қилиб, бугунги кунда уларнинг сони 1 миллиардга етди. Ўзбекистонда 760 минг нафардан зиёд ногиронлиги бўлган шахслар истиқомат қилиб, улар ижтимоий ҳимоя ва қўллаб-қувватлаш, тиббий-ижтимоий реабилитация чоралари билан қамраб олинган.
Моҳигул Қосимова, ЎзА