Аҳолининг ишончи юксак масъулият
Ҳар бир соҳанинг тараққиёти, энг аввало, ўз касбини сидқидилдан севиб меҳнат қилаётган инсонлар билан боғлиқ. Газ таъминоти тизимида ҳам ана шундай фидойи ходимлар кўпчиликни ташкил этади. Улар туну кун, ёғин-сочинли кунларда ҳам аҳоли хонадонларига табиий газни узлуксиз етказиб бериш йўлида хизмат қилмоқда. “Нуротатумангаз” газ таъминоти бўлими чилангарларидан бири Зафар Темиров ана шундай масъулиятли ва жонкуяр ходимлардан биридир.
Зафар Темировнинг меҳнат фаолияти газ таъминоти соҳаси билан чамбарчас боғланган. У қарийб йигирма икки йилдан буён мазкур тизимда самарали меҳнат қилиб келмоқда. Шу йиллар давомида тўпланган тажриба, меҳнатсеварлик ва касбига бўлган садоқат уни ҳамкасблари ва аҳоли ўртасида ҳурмат қозонишига хизмат қилди.
Устозлардан олган сабоқлар инсон ҳаётида муҳим ўрин тутади. Зафар Темиров ҳам меҳнат фаолиятининг дастлабки йилларида тажрибали мутахассислар Холиқ Турсунов ва марҳум Нурилло Бобоқуловдан касб сирларини ўрганди. Улардан ҳалол меҳнат қилиш, ҳар бир вазифага виждонан ёндашиш ва масъулиятни биринчи ўринга қўйиш каби фазилатларни ўзлаштирди.
Бугунги кунда унга бириктирилган Ибн Сино ва Амир Темур маҳаллаларида минглаб аҳоли истиқомат қилади. Аҳоли хонадонларини табиий газ билан барқарор таъминлашда унинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Ҳар куни юқори босимли газ тақсимлаш қурилмалари ҳамда газ қувурларининг техник ҳолатини назорат қилиш, режавий созлаш ишларини амалга ошириш унинг асосий вазифаларидан саналади.
Замонавий ахборот технологиялари бугун ҳар бир соҳага кириб келгани каби газ таъминоти тизимида ҳам рақамлаштириш жараёнлари кенг жорий этилмоқда. Зафар Темиров ҳам кун давомида бажарган ишларини “ArcGIS–HGT” онлайн бошқарув тизимига киритиб боради. Бу эса иш жараёнининг шаффофлиги ва самарадорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
– Ишимизда энг муҳими аҳолининг ишончи, – дейди Зафар Темиров. – Қишнинг қаҳратон совуғида ҳам, ёзнинг жазирама кунларида ҳам вазифамизни сидқидилдан бажаришга ҳаракат қиламиз. Чунки ҳар бир хонадонга табиий газнинг барқарор етказилиши ортида кўплаб инсонларнинг меҳнати мужассам.
Дарҳақиқат, газчи ходимлар меҳнати кўпинча кўзга ташланмайди. Бироқ уларнинг кундалик саъй-ҳаракатлари туфайли юртдошларимиз хонадонларида иссиқлик ва қулайлик таъминланмоқда.
Бугунги кунда Зафар Темиров бир ўғил ва икки қизни тарбиялаб вояга етказмоқда. Фарзандларининг бахту камолини кўриш, уларнинг ютуқларидан қувониш унинг энг катта мақсадларидан бири.
Ҳалол меҳнат, касбга муҳаббат ва юксак масъулият Зафар Темиров ҳаётининг бош тамойилларидир. Бундай инсонлар бор экан, ҳар қандай соҳада тараққиёт ва барқарорлик таъминланиши шубҳасиз.
А.Бўриев, ЎзА мухбири