Аҳолини иш билан таъминлаш муҳим вазифа
Юртимизда аҳоли бандлигини таъминлаш орқали уларнинг турмуш даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш, ишсизлар, айниқса, ёшлар ҳамда хотин-қизлар, меҳнат бозорига илк бор кириб келаётган битирувчилар бандлигини таъминлаш муҳимдир. Бунинг учун ҳар бир ҳудудда белгиланган тартибда “Бўш иш ўринлари” меҳнат ярмаркалари ташкил этилмоқда.
Навоий шаҳрида “Ишга марҳамат” мономарказида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси ҳамда Навоий шаҳар прокуратураси ҳамкорлигида ташкил этилган навбатдаги меҳнат ярмаркаси бунга мисолдир. Унда шаҳардаги 40 та корхона ва ташкилотлар, жумладан, 11 та бюджет ташкилотлари, 29 та хусусий корхоналар ўзларидаги мавжуд 850 га яқин бўш иш ўринлари билан иштирок этди.

– Меҳнат ярмаркасида Навоий шаҳридаги маҳаллалардан 200 нафардан зиёд ёшлар ва хотин-қизлар қатнашди, – дейди Навоий шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими бошлиғи Жасур Отамуродов. – Уларнинг 40 нафари олий маълумотли, 65 нафари ўрта махсус ҳамда 95 нафари ўрта маълумотга эга фуқаролардир. Қарийб уч соат давом этган меҳнат ярмаркасида 105 нафар фуқарога хизмат кўрсатилди. Жумладан, 55 нафар фуқарога шаҳардаги ташкилот ва корхоналарга доимий ишга жойлашиш учун, 30 нафар фуқарога “Ишга марҳамат” мономарказига касб-ҳунарга ўқишга йўлланмалар берилди. 20 нафар фуқаро май ойида бошланадиган вақтинчалик жамоат ишларига жалб этиладиган бўлди.
Албатта, меҳнат ярмаркасига ташриф буюрганлар ўзларига мос ишни истаб келади. Унда кимдир орзусидаги ишни топса, кимгадир таклиф этилаётган вазифанинг маоши қаноатлантирмайди.

– Маҳаллага иш сўраб борганимда яқинда мономарказда “Бўш иш ўринлари” меҳнат ярмаркаси ташкил этилаётганини айтишган эди, – дейди Муҳаббат Зайниддинова. – Бугун бу ерга келиб ташкилотлар томонидан тақдим этилган бўш иш ўринлари билан танишдим. Менга Навоий олимпия захиралари коллежи томонидан тақдим этилган иш маъқул келди. Бу ерга ишга жойлашишим учун шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими томонидан йўлланма берилди. Энди мен ҳам ўзим истаган ишда меҳнат фаолиятимни олиб боришим мумкин.
“Baht textile” МЧЖ Навоий шаҳридаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи йирик корхоналардан бири саналади. Мазкур меҳнат ярмаркасида корхона 100 дан зиёд бўш иш ўринлари билан иштирок этди.
– Корхонамиз 2006 йилдан буён фаолият олиб боради, – дейди ходимлар бўлими бошлиғи Гулноза Абдуллаева – Ҳозирда 2,5 минг нафардан зиёд ишчи-ходим меҳнат қилади. Яқинда янги ускуналар олиб келинди. Жорий йилнинг июнь-июль ойларида янги цехни ишга туширмоқчимиз. Шунинг учун бугунги ярмарка доирасида хотин-қизлар ва ёшларга янги иш ўринларини таклиф қиляпмиз. Дастлаб улар корхонамиз томонидан икки ой давомида касбга ўқитилади. Ўқитиш жараёнида уларга белгиланган иш ҳақи тўлиқ тўлаб берилади. Ишчиларимиз учун барча қулайликлар мавжуд. Ишга келиб кетиш учун махсус транспорт воситаси ажратилган. Уч маҳал иссиқ овқат берилади.

Дарвоқе, бугунги куннинг асосий вазифаларидан бири аксарият хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитишдир. Айни пайтда вилоят Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази томонидан улар бепул касб-ҳунарга ўқитилмоқда.
– Марказимизда аёлларимизни тадбиркорликка қизиқтириш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида ўқув курслари фаолияти йўлга қўйилган, – дейди Навоий вилояти Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази раҳбари Гулсанам Норова. – Бугунги меҳнат ярмаркасида вақтинча ишсиз бўлган хотин-қизларимиз ҳам иштирок этди. Иш сўраб келган 30 нафар хотин-қизларга 1 ойлик бепул турли касб-ҳунар курсларини таклиф этдик. Энди уларни бир ой давомида ўзлари истаган касб-ҳунарга ўқитамиз ва ишга жойлашишларига кўмаклашамиз.
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида 2026 йилга бориб юртимизда камбағаллик даражаси 2 бараварга қисқартирилиши кўзда тутилган. Аҳоли турмуш даражасини яхшилаш учун эса муносиб меҳнат шароитини яратган ҳолда уларнинг бандлигини таъминлаш муҳимдир.
Абдували Бўриев, ЎзА