Аҳолига давлат хизматлари бир жойда
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32 йиллиги арафасида Гулистон туман адлия бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Тадбир “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги хайрли тадбир билан бошланди. Адлия вазири ўринбосари Шерзод Рабиев ва вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев адлия бўлими ҳовлисида кўчат ўтқазишди.

Очилиш маросимида мамлакатимизда давлат ва ҳуқуқий хизматлар кўламини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапирилди.
Иштирокчилар миллий ва замонавий меъморчилик анъаналари уйғунлигида бунёд этилган адлия биносида яратилган қулайлик, шарт-шароитлар билан танишди.

Янги бинода Адлия бўлими, Юридик хизмат кўрсатиш маркази, ФҲДЁ бўлими ва Давлат хизматлари марказининг бир жойда бўлиши ҳудуд аҳолисига янада қулайлик яратади.
Ушбу бинода фуқаролар ва тадбиркорлар учун ҳар томонлама қулай шароитлар яратилган бўлиб, аҳолига тезкор, шаффоф, сифатли давлат хизматлари ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади.

Янги бинода мурожаатчиларга бир вақтнинг ўзида 8 та хизмат кўрсатиш ойнасида 400 дан ортиқ давлат хизмати кўрсатилади. Электрон навбат тизими, ахборот киоскаси, электрон хизматлардан мустақил фойдаланиш ҳамда мини-кутубхона ҳам ташкил қилиниб, махсус адабиётлар билан бойитилган, Wi-Fi ҳудуди мавжудлиги эса аҳоли учун яна бир қулайликдир.
Айниқса, бу ерга фарзандлари билан ташриф буюрган ота-оналар учун ёрқин рангларда жиҳозланган болалар майдончаси кичкинтойларнинг вақтлари мазмунли ўтишига ёрдам беради. Хизмат кўрсатиш залида ҳар қандай фаслда хона ҳароратини мўътадил сақлаб туриш ҳам алоҳида эътиборга олинган. Шунингдек, «Мадад» ННТ орқали аҳолининг турли қатламларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилган.


Ғулом Примов, ЎзА мухбири