Аҳоли саломатлиги ҳимояси устувор вазифа
Бугунги кунда аҳоли саломатлигини асраш, сифатли ва хавфсиз дори воситалари билан таъминлаш давлат сиёсати даражасидаги устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Дори воситаларининг ноқонуний айланмаси, айниқса, сифати кафолатланмаган ва истеъмолга яроқсиз маҳсулотларнинг тарқалишига қарши курашиш эса ўта долзарб вазифадир.
Ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Бухоро вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими тезкор вакиллари томонидан қатор самарали тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, Олот тумани ички ишлар бўлими ҳамда ИЖҚКД ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида ноқонуний дори воситалари айланмасига чек қўйилди.

Тезкор тадбирлар давомида олдиндан олинган маълумотлар асосида шартли харидор орқали амалга оширилган текширувда фуқаро яшаш хонадонида 8 турдаги сифати кафолатланмаган дори воситаларини сотиш билан шуғулланаётган вақтида қўлга олинди. Кейинги кўздан кечириш жараёнида эса ушбу манзилда яширин тарзда ташкил этилган ноқонуний дорихона фаолият юритаётгани маълум бўлди.
Мазкур хонадонда ўтказилган текширувлар давомида умумий қиймати 116 миллион сўмлик 155 турдаги, жами 7457 дона контрафакт дори воситалари савдо мақсадида сақланаётгани аниқланди. Бу эса мазкур ҳолатнинг қанчалик хавфли ва кенг кўламли эканини яна бир бор кўрсатади.

Бундан ташқари, яна бир ҳолатда Олот туманида фаолият юритувчи дорихоналардан бирида фармацевт ходим томонидан дори воситалари тегишли рецептсиз сотилаётгани фош этилди. Аниқланишича, у 3 қути (30 дона конвалюта) дори воситаларини қонун талабларига зид равишда сотишга уринган.
Кейинги ўрганишлар жараёнида мазкур дорихонанинг савдо расталари ва омборхонасида умумий қиймати 20 миллион сўмдан ортиқ бўлган 48 турдаги 108 қути сифати кафолатланмаган контрафакт дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари мавжудлиги аниқланди.

Айни пайтда ҳар икки ҳолат юзасидан тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилиб, божхона органлари томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, контрафакт ва сифати кафолатланмаган дори воситалари айланмасига қарши курашиш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки бутун жамиятнинг умумий вазифасидир. Фуқаролар ҳам дори воситаларини фақат лицензияланган дорихоналардан, шифокор тавсияси асосида харид қилиш орқали ўз саломатлигини ҳимоя қилиши лозим. Зеро, саломатлик энг катта бойлик, уни асраш эса ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.