Аҳоли саломатлиги – доимий эътиборда
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров айни вақтда хизмат сафари билан Наманган вилоятида бўлиб турибди.
Вазир бошчилигидаги Ишчи гуруҳи вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов ва Наманган шаҳри ҳокими Анваржон Отахўжаев ҳамда бошқа тегишли ташкилот ва муассасалар мутасаддилари ҳамроҳлигида Наманган шаҳридаги 12-сонли оилавий поликлиникада бўлди.
Мазкур шифо масканида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ҳолати яқиндан ўрганилди. Ўн мингдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатадиган поликлиникада рақамлаштириш жараёнлари ҳамда “Ташаббусли бюджет” дастури доирасида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари эътироф этилди.
Асилбек Худоёров тиббиёт вакилларига оилада тиббий маданиятни ошириш, фуқаролар саломатлигини, айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаб, бу борада патронаж ҳамшираларининг фаоллиги ва масъулиятини янада кучайтириш юзасидан топшириқлар берди.
Шунингдек, Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида вилоятдаги тиббий муассасалар раҳбарлари ва Янги Наманган туманидаги “маҳалла еттилиги” билан ҳам мулоқотда бўлди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА