Аҳоли муаммолари ўрганилмоқда
Юртимизда маҳалланинг жамиятдаги нуфузи ва ролини ошириш, хусусан, маҳаллабай ишлашни кучайтириш, маҳалла фуқаролар йиғинлари масъулларининг иш самарадорлиги ҳамда масъулиятини оширишга эътибор берилмоқда.
Бунда, албатта, адлия идоралари зиммасига бир қатор масъулият юкланган. Маҳаллаларда уйма-уй юриш, аҳоли муаммолари ва мурожаатларини ўрганиш, ҳал этиш, ижтимоий маънавий муҳитни яхшилаш бўйича “Маҳалла еттилиги”, адлия ходимлари ва тегишли ташкилот вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилди.

Адлия вазири ўринбосари Ш.Рабиев Ўрта Чирчиқ туманидаги Файзобод, Пискент туманидаги Янгиобод ва Мўминобод маҳаллаларида бўлиб, адлия органлари томонидан маҳаллаларда ишлаш ва аҳоли муаммоларини ўрганиш юзасидан “Маҳалла еттилиги” билан учрашди. Унда кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, оғир турмуш шароитида яшаётган фуқароларга “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га кириш ва улар учун яратилган имтиёзлар юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар бериш кераклигига эътибор қаратилди.

–Ўрганишларимиз давомида нотинч оилалар, ажрим тўғрисидаги аризаларни берган шахслар аниқланиб, уларга ёрдам кўрсатилмоқда, – дейди Тошкент вилояти адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ҳамдам Назаров. – Шу кунларда узоқ муддатга чет элга чиқиб кетган шахслар ва уларнинг оиласи ҳақидаги маълумотлар базаси шакллантирилмоқда. Айниқса, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этган оилалар, ички ишлар органларида профилактик ҳисобда турган вояга етмаганлар билан суҳбат қилиб, мутахассислар томонидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилмоқда.

Адлия идораларининг маҳалла билан ўзаро ҳамкорликда ишлаши, фуқароларга малакали ва сифатли давлат хизматларини кўрсатиш, жумладан, бепул юридик ёрдам, ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар бериш аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиради.
А. Мусаев, ЎзА мухбири