Аҳоли куз-қиш мавсумларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан барқарор таъминланади
Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан йил давомида барқарор таъминлаш бугунги кунда долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Шу мақсадда “Аҳолини куз-қиш мавсумларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан барқарор таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–108-сон, 2026 йил 25 март) қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2026-2027 йилларда республикада иссиқхоналар фаолиятини кенгайтириш ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида камида 940 гектар майдонда замонавий иссиқхона мажмуаларини барпо этиш режалаштирилган.
Шунингдек, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш улушини камида 50 фоизга етказиш кўзда тутилган. Атмосфера ҳавосига зарарли таъсир кўрсатаётган фаолиятларни босқичма-босқич қисқартириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш ҳам муҳим йўналиш сифатида белгиланган.
Қарор асосида Шеробод туманида “Сурхон-Агро” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилади. Ушбу зона доирасида иссиқхона хўжаликларини қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор имтиёз ва преференциялар тақдим этилади. Жумладан, ер участкалари тадбиркорларга электрон онлайн аукцион орқали ижарага берилганда 5 йил давомида ижара тўловининг ноль ставкаси қўлланилади, иссиқхоналарни суғориш ва технологик жараёнлар учун ишлатиладиган оқова ва ерости сувлари учун тўловлардан 3 йил муддатга озод этилади.
Шу билан бирга, аномал совуқ об-ҳаво шароитларида истисно тариқасида, белгиланган экологик талабларга риоя этган ҳолда кўмир ёқишга рухсат берилади.
Ушбу чора-тадбирлар нафақат аҳолини куз-қиш мавсумида узлуксиз ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, балки қишлоқ хўжалигида замонавий ёндашувларни жорий этиш ва тармоқнинг барқарор ривожини таъминлашга хизмат қилади.
Н.Раҳмонова,
ЎзА