Аҳоли эътирози: ўриндиқсиз автобуслар
Бугун қай бир гўшага борманг, қисқа вақт ичида содир бўлган ўзгаришларни кўриб, кўз қувнайди. Кўп қаватли иморатлар, равон ва текис йўллар, замонавий турар жойлар, бозорлар мажмуаларига боқиб, юртимиздаги тинчлик, осойишталикка шукрона келтирамиз.
Айниқса, автомашина ва автобусларни айтмайсизми, истаган манзилингизга бир зумда етиб борасиз.
Мамлакатимизда автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолиятини тартибга солиш, шаҳар йўловчилар транспорти фаолиятининг ҳуқуқий асосларини шакллантириш мақсадида 1997 йил 25 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида” ги қонуни қабул қилинган. Унга кўра, барча ҳудудларда шаҳар йўловчилар транспортининг бир маромда ишлашини ташкил этиш, йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати ва маданиятини ошириш, йўловчиларнинг ҳаёти ва соғлиги, транспорт воситалари ҳаракатининг хавфсизлиги, хуллас, барча-барчаси тартибга солинган.
Бугунги кунда шаҳар ва туманлардаги аҳоли пунктларига қатновчи автобуслар аниқ йўналишлар орқали аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Автобус қатновлари йўлга қўйилганлиги айни муддао. Аҳоли бундан мамнун. Ҳам арзон, ҳам хавфсиз.
– Ҳозирда вилоят бўйича 91 та йўловчи ташиш йўналиши мавжуд бўлиб, шундан 7 таси янги йўналиш, – дейди вилоят транспорт бошқармаси матбуот котиби Ҳамдам Рўзиев. – Очилган янги йўналишларга 6 дона “Исузу” русумли автобуслар ва 18 дона “Дамас” русумли транспорт воситаси жойлаштирилди. “Шаҳар, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро-вилоят ички йўналишларида йўловчилар ташишни ташкил этиш комиссияси” томонидан 2021 йилда 3 марта очиқ тендер ўтказилиб, 6 та автобус йўналиши қайта тикланган. Шунингдек, транспорт қатнови етиб бормаган 69 та маҳалла ўрганилиб, 12 та йўловчи ташиш йўналишлари ташкил этилган ва 6 та автобус ва 72 та “Дамас” йўналишларга жойлаштирилган.
Йўналишли автобусларда йўловчилар томонидан: “Аксарият автобусларда йўловчилар сонини ошириш мақсадида айрим ўриндиқлар олиб қўйилганлиги, қолаверса, ногирон ва ёш болали аёллар учун махсус ёзувли ўриндиқларнинг йўқлиги” тўғрисида эътирозлар бўлган. “Минг марта эшитгандан кўра, бир бора кўрган маъқул” ақидасига амал қилган ҳолда йўналишдаги автобусларни кузатсангиз, эътирозлар ўринли эканлигига амин бўласиз. Шоли курмаксиз бўлмаганидек, айрим автобус ҳайдовчилари белгиланган тартибда, заводда ўрнатилган ўриндиқларни олиб ташлаган.
Навоий вилояти транспорт бошқармаси автомобилларда ташувлар хавфсизлигини назорат қилиш бўлими инспекторлари билан шаҳардаги автошоҳбекатларда аҳолига хизмат кўрсатаётган автобуслар ҳолатини кўздан кечирдик. Уларнинг аксариятида орқа ўриндиқлар олиб ташланган. Жумладан, “Восход” бозори автотураргоҳида 85 322 SAA рақамли “Конимех – Кескантерак – Бешработ – Педагогика коллежи”, “Малика” автошоҳбекатидан ҳаракатланувчи 85 L 420 GA рақамли “Янги бозор – Нарпай орқали – Одил бобо – Пахтаобод – 8-мактаб”, 85 L 425 EA рақамли “Навоий – Нурота – Янгитурмуш – Урганжи”, 85 L 574 GA рақамли “Навоий – Нурота – Янгитурмуш”, 85 B 525 DA рақамли “Навоий – Султонобод” йўналишида ҳаракатланаётган автобусларда худди шундай ҳолатни кўриш мумкин. Бу каби ҳолатларга ойдинлик киритиш мақсадида ҳайдовчилар билан суҳбатлашмоқчи бўлдик. Аммо “Мен йўловчиман, шофёр бир пиёла чой ичгани кетди. Ҳозир келиб қолса керак”, деган гапни эшитдик. Ҳужжатлари, барча-барчаси жойида бўлган ҳайдовчилар эса ҳамкасбини “сотишни” истамайди. Аслида тегишли тизим вакиллари билан борганимизни кўрган айрим ҳайдовчилар “қуённинг расмини чизган” ёхуд ўзларини йўловчи қилиб кўрсатган, бўлиши мумкин.
– Шаҳарга автобусда келиб кетаман. Шаҳарга келгандан кейин қишлоққа юк олиб кетамиз. Юкни эса автобусда олиб кетиш қулай. Ўриндиқларни эса кўпроқ юк ортиш учун олиб ташлашган бўлса керак-да. Ахир душанба ва жума кунларидан ташқари узоқроқ қишлоқларга қатновчи автобусларда одам кам бўлади, – дейди ўзини таништиришни истамаган йўловчилардан бири.
“Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида” ги қонуннинг 21-моддасида шаҳар йўловчилар транспорти воситаларига бир қатор талаблар белгиланган бўлиб, улар хавфсизлик, меҳнатни муҳофаза қилиш, экология талабларига, шунингдек, стандартлар ва техникавий шартларга эга бўлиши, 23-моддада эса ташувчининг мажбуриятлари сифатида йўловчиларни ташиш юзасидан белгиланган қоидаларга риоя этиши ва ҳаракат хавфсизлиги, шаҳар йўловчилар транспортидан техник фойдаланиш ва уни ишлатиш қоидаларига риоя этилишини таъминлаши шартлиги кўрсатилган.
Ўрганишлар давомида автошоҳбекатда лицензиясиз йўловчи ташиётган ҳайдовчиларга дуч келдик. 85 F 693 HA ва 85 O 640 GА рақамли автомашиналар эгалари гарчи лицензиялари бўлмаса-да йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланмоқда.
– 85 F 693 HA автомашина эгасининг лицензияси у аъзо бўлган йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи “Фирдавс Элёр Транс” МЧЖ раҳбарияти ташаббуси билан бекор қилинган, – дейди вилоят транспорт бошқармаси автомобилларда ташувлар хавфсизлигини назорат қилиш бўлими 1-тоифали инспектори Шаҳзод Рустамов. – 85 O 640 GА рақамли автомашина эгасига берилган лицензия муддати эса жорий йилнинг 4 апрел куни тугаган. Ҳар иккала ҳолат юзасидан баённома расмийлаштирилиб, уларга лицензияни тез кунларда олиши лозимлиги айтилди. Акс ҳолда белгиланган муддат тугагач, иш судга ўтказилиши тушунтирилди.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг “Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида” ги қонуни 14-моддасида ташувчи йўловчилар ташишни махсус рухсатнома (лицензия) асосида амалга ошириши белгилаб қўйилган. Ўйланиб қоласан киши. Аҳолига хизмат кўрсатилаётган жамоат транспортида қулайлик ва мақбул шарт-шароитлар яратиб бериш мақсадида ислоҳотлар олиб борилса-ю, айрим ҳайдовчилар ўз билганича, қонун-қоидани четлаб ўтган ҳолда ҳаракат қилса?! Уларга рухсат берувчи мутасаддилар эса “ҳеч нарсани ўйламасдан”, “кўздан кечирмасдан” рухсат бериб, йўл варақасини қўлга тутқазаверса?! Мавзуга эса яна қайтамиз.
[gallery-7289]
Абдували Бўриев,
Сирож Аслонов (сурат), ЎзА