Аҳоли даромад топишига кўмаклашяпмиз
Солиқчи – кўмакчи
Маҳалладаги асосий вазифам – ҳудуддаги норасмий тадбиркорлик фаолиятини қонунийлаштириш, ўзини-ўзи банд қилганларга кичик бизнес тоифасига ўтишга кўмаклашиш ҳамда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг фаолиятини кенгайтириш ва даромадларини ошириш, шунинг ҳисобидан солиқ базасини кўпайтиришдир. Шунга мувофиқ, фаолиятимни дастлаб хатловдан бошладим. Рақамлар билан айтадиган бўлсам, ушбу ҳудудда жами 1 142 нафар мол-мулк солиғи тўловчиси, 80 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти, 280 нафар ўзини ўзи банд қилган фуқаро истиқомат қилади.
Ўтган вақт мобайнида “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида иш олиб бориб, ҳудудимизда 60 нафар фуқаронинг ўз хонадонида турли хизмат кўрсатиш йўналишида норасмий даромад топаётганини аниқладик.
Ушбу фуқароларга расмий даромад топишнинг афзалликларини тушунтириб, ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида расмий даромад топишга ўтишларига кўмаклашдим. Худди шундай тушунтиришлар орқали норасмий тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган 9 нафар фуқаро ҳам якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиб, фаолиятини қонунийлаштирди.
Аниқ рақамлар билан айтадиган бўлсам, жорий йилнинг январ ойида кўрсаткич режа ижросини 97,3 фоизга бажардим.
Ўйлайманки, келгусидаги кўрсаткичларим янаям юқори бўлади. Сабаби янгича ёндашувлар асосида маҳалламиздаги имкониятларни ишга солиб, маҳалла аҳли билан ҳамкорликда ҳудудимизда тадбиркорларнинг сонини орттиришга эришяпмиз.
Лекин қиладиган ишимиз кўп. Негаки, ҳали кўплаб ўзини ўзи банд қилганларга кичик бизнес тоифасига ўтишига кўмаклашиш ҳамда паст қувватда ишлаётган ва фаолиятини вақтинча тўхтатган субъектларга фаолиятини тиклаш ва кенгайтиришга яқиндан ёрдам бериб, солиқ базасини янада кенгайтиришимиз керак.
Ойбек Султонов,
Бухоро вилояти Вобкент туманидаги
“Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғини солиқ инспектори.
ЎзА