Аҳоли билан учрашувлар қизғин кечмоқда
Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Назир Собиров ҳамда Жаҳонгир Ширинов Қоракўл ва Жондор туманларида бўлиб, аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказишмоқда.
Халқ вакиллари учрашувларда яқинда депутатлар томонидан қабул қилинган “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонунда акс этаётган нормаларни аҳолига тушунтирдилар.

Мулоқотларда шунингдек, сайловчиларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари эшитилди. Шу билан бирга, аниқланган айрим масалалар ечими назоратга олинди.
Жаҳонгир Ширинов Жондор туманининг ҳунармандлар маҳалласи ҳисобланган Ушот қишлоғида бўлиб, Сайхунобод тажрибаси асосида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Ж.Ширинов аҳоли томорқаларидаги ер майдонларидан самарали фойдаланиш, ўз хонадони учун қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, орттирилган маҳсулотни маҳаллий бозорга сотиш орқали даромадни кўпайтириш, деҳқончилик билан шуғулланаётган тадбиркорларга кўмаклашиш мақсадида сифатли уруғ ва дори воситалари билан таъминлаш, тадбиркорларнинг экспортига амалий ёрдам бериш масалаларига ҳам тўхталиб, тегишли тавсияларни берди.
М.Комилова, ЎзА