Аҳоли бандлиги: рақамлар ривожланишдан дарак беради
Аҳоли бандлигини ошириш ҳозирги кунда мамлакатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан саналади. Янги иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаи, муносиб яшаш шароитлари билан аҳоли вакилларини таъминлаш янги босқичга чиқмоқда.
Давлат раҳбарининг ташаббуси билан аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиси фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, “Янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича давлат дастури” доирасида хориждан қайтган фуқароларни манзилли ишга жойлаштириш, касб-ҳунарга ўқитиш орқали қайта тайёрлаш ва тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш чоралари ҳам амалга оширилмоқда.

Бухоро вилоятида жорий йилнинг бошида 858,8 минг нафар иқтисодий фаол аҳоли мавжуд бўлиб, шундан 803,2 минг нафарининг бандлиги таъминланган. Шунингдек, вилоят миқёсида 55,6 минг нафар ишсизлар мавжуд эди. Бундан ташқари, йил давомида 22 минг нафар олий, ўрта-махсус ва ўрта таълим муассасалари битирувчилар ҳамда 70 мингдан ортиқ меҳнат мигрантлари меҳнат бозорига кириб келди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 9 январдаги “2024 йилда Янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастури тўғрисида”ги қарорига асосан вилоятда 2024 йил мобайнида жами 209 395 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган. Қарорга мувофиқ 2024 йилнинг январь-октябрь ойларида 217 564 та иш ўринлари яратилиб, режа115,6 фоизга бажарилди.
– Хусусан, 34 106 нафар ишсиз фуқаролар доимий ишга жойлаштирилди, – дейди Бухоро вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси бошлиғи Анвар Ҳамроев. – 4 047 нафар ишсиз фуқароларга квоталанган иш ўринлари яратилди. 8 025 нафар ишсиз фуқаролар ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди. Шунингдек, жорий йилнинг январь-октябрь ойлари мобайнида 13 339 нафар иш билан бўлмаган фуқаролар меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ва тадбиркорликка ўқитилди. Жорий йилнинг январь-ноябрь ойлари мобайнида ўқув муассасалардан 7 127 нафар битирувчиларнинг 6 813 нафарининг бандлиги таъминланди. Жумладан, 5 853 нафари ишга жойлаштирилди.

2024 йил 5 декабрь ҳолатида корхона ва ташкилотлар томонидан берилган маълумотларга кўра вилоятда 7 742 та бўш иш ўринлари ва вакант лавозимлари мавжуд. Вакант лавозимларининг 1 811 таси олий, 1 628 таси ўрта-махсус ва 4 303 таси ўрта маълумотлилар учун мўлжалланган. Вилоятда 5-босқичда “Аёллар дафтари”ги киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 29 569 нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминлаш белгилаб олинди.
Бугунги кунда вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган кенг қамровли ишлар натижасида ишсизлик даражаси йил бошига нисбатан 1,4 фоизга камайтирилиб, 5,1 фоизни ташкил этмоқда. Жорий йилнинг якунига қадар вилоятни ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.