Аҳиллик ва ҳамжиҳатлик ҳамиша бардавом
БМТ Бош Ассамблеясининг қарорига кўра, 1997 йилдан буён 16 ноябрь ҳар йили бутун дунёда “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида нишонланиб келинади. 2019 йилда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу сана Ўзбекистонда ҳафталик доирасида кенг нишонланди.
Бу йил ҳам ушбу анъана давом эттирилиб, 9-16 ноябрь кунлари юртимизда “Маърифат ва миллатлараро бағрикенглик” шиори остида “Бағрикенглик ҳафталиги” бўлиб ўтди.
Ҳафталик доирасида брифинг, давра суҳбатлари, конференциялар, фотокўргазма ва бошқа маданий-маърифий, илмий-амалий тадбирлар ўтказилди.
16 ноябрь – ҳафталикнинг якуний куни ҳам қизиқарли учрашув ва музокараларга бой бўлди. “Диний бағрикенгликни таъминлашда минтақадаги давлатларнинг тарихий қадриятларини ўрганиш ва тарғиб қилиш” мавзусидаги халқаро онлайн конференцияда хорижий мамлакатларнинг миллатлараро муносабатлар соҳасида фаолият юритувчи экспертлари ва олимлари, дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистондаги диний конфессиялар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, миллий маданий марказлар, дўстлик жамиятларининг раислари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Дастлаб ташкил этилган конференция Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ва Дин ишлар бўйича қўмита томонидан ҳамкор ташкилотлар билан бирга ўтказилди.
Жамиятда миллатлараро ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсатининг мазмун-моҳияти, Марказий Осиё мамлакатлари билан дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида дўстлик жамиятларининг фаолияти, динларда бағрикенглик масалалари, Ўзбекистондаги диний бағрикенгликнинг тарихий илдизлари каби долзарб масалалар конференция ишининг асосини ташкил этди.
Иштирокчилар бугунги кунда инсоният турли геосиёсий ва мафкуравий курашлар, терроризм, экстремизм, фундаментализм, сепаратизм, одам савдоси, “оммавий маданият” каби таҳдидлар гирдобида – мураккаб вазиятда яшаётганлигига эътиборни қаратдилар. Бундай шароитда ҳар бир давлатнинг миллий яхлитлигини сақлаш, жамиятни маънавий-ахлоқий соғломлаштириш, ўсиб келаётган ёш авлодни миллий ўзликни англаш руҳида тарбиялаш ниҳоятда долзарб вазифа эканлиги алоҳида таъкидланди.
Онлайн анжуманда таъкидланганидек, Ватанимиз минг йиллар давомида турли цивилизациялар мулоқотга киришган ва бир-бирини тўлдирган Буюк ипак йўлининг муҳим чорраҳасида жойлашган. Бу заминда турли маданият ва дин вакиллари тинч-тотув ва ҳамжиҳатликда яшаган. Мусулмон дунёси тараққиётида улкан роль ўйнаган халқимиз менталитетининг асосини том маънодаги бағрикенглик, олижаноблик ва эзгулик каби фазилатлар ташкил этади.
Шу маънода мамлакатимизда миллий маданий марказларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, миллати, ирқи ва диний эътиқодидан қатъи назар, фуқаролар онгида кўп миллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилмоқда.
Шу куннинг ўзида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида миллий маданий марказларнинг халқ амалий санъати ва миллий ҳунармандчилик асарлари кўргазмаси бўлиб ўтди. Кўргазмада мамлакатимизда фаолият олиб бораётган миллий маданий марказлар ўзларининг анъанавий ҳунармандчилик асарлари кўргазмасини томошабинлар диққатига ҳавола этдилар.
Кўргазманинг очилиш маросимида сўзга чиққан қўмита раиси ўринбосари Азамат Тошев юртимизда “Бағрикенглик ҳафталиги”нинг ўтказилиши жамиятда фуқароларнинг миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқодлари, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, тенглигини таъминлашга қаратилган миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат сиёсатининг ёрқин ифодаси эканлигини таъкидлади. Умумбашарий маданиятнинг ажралмас қисми бўлган халқ амалий санъати дунёдаги ҳар бир халқ ҳаётида, унинг турмуш тарзи ва қадриятлари ривожида алоҳида ўрин тутишига эътиборни қаратди.
Халқ амалий санъатини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, бу бебаҳо бойликни келгуси авлодларга безавол етказиш, бу йўлдаги саъй-ҳаракат ва имкониятларимизни бирлаштиришда шу каби кўргазмаларнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.
Ушбу кўргазма Қўмита томонидан миллий маданий марказлар ҳамда “Истиқболли авлод” ижтимоий ахборот маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда қозоқ, қирғиз, туркман, рус, украин, уйғур, бошқирд, қрим-татар ва бошқа миллатлар вакилларининг халқ амалий санъати ва миллий ҳунармандчилик асарлари танлови ўтказилди. Нуфузли ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан энг яхши экспозиция учун ғолиб деб топилган миллий маданий марказлар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Тадбирда миллий маданий марказларининг ҳаваскор жамоалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар кўргазма иштирокчилари ва меҳмонларига байрамона кайфият бағишлади.
Гарчи "Бағрикенглик ҳафталиги" якунланган бўлса-да, мамлакатимизда эзгуликка хайрихоҳлик, бағрикенглик, меҳр-саховат, ҳамжиҳатлик, аҳиллик муҳити асрлар оша бардавом бўлиб келаётгани ушбу лойиҳа доирасидаги тадбирларда яна бир карра ўз исботини топди.
Назокат УСМОНОВА, ЎзА