“AgroWorld Uzbekistan 2026”: 19 мамлакатдан 162 та компания ўз имкониятларини намойиш этмоқда
Бугун Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида “Агро саноати - AgroWorld Uzbekistan 2026” 21-халқаро кўргазмасининг иккинчи кунги тадбирлари ўтказилди.
“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда Ўзбекистон, Австрия, АҚШ, Беларусь, Бельгия, Германия, Дания, Испания, Италия каби 19 мамлакатдан 162 та компания иштирок этмоқда.
Таъкидлаш керакки, “AgroWorld Uzbekistan” халқаро кўргазмаси нафақат ускуналар ва технологияларни намойиш этиш майдони, балки ишлаб чиқарувчилар, технология етказиб берувчилар, инвесторлар ва агросаноат корхоналари ўртасида самарали мулоқотни йўлга қўйиш платформаси ҳисобланади. Бу ерда ишлаб чиқариш ва қайта ишлашдан тортиб, сақлаш ва логистикагача бўлган барча асосий йўналишлар қамраб олинган.
“Vetteria” компанияси ветеринар врачи Одил Бобоноровнинг маълум қилишича, ушбу маҳаллий корхона 2012 йилдан буён фаолият кўрсатади.
[gallery-28366]
–“Vetteria” компанияси бугунги кунда Марказий Осиёдаги барча турдаги қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари ва қушлари учун озуқа, озуқа қўшимчалари, премикслар, вакциналар ва ветеринария маҳсулотларини етказиб бериш соҳасида бозор етакчиси ҳисобланади. Корхонанинг асосий мақсади қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини таъминлаш асносида инсонлар саломатлигини қўллаб-қувватлашдан иборат. Компания ўз фаолиятида инновацион технологиялар ва илғор ветеринария тажрибаларини қўллаб, озуқа ва ветеринария маҳсулотларини замонавий стандартларга мувофиқ ишлаб чиқаради. “Vetteria” фақат маҳсулот етказиб бериш билан чекланмай, фермер ва ферма эгаларига маслаҳат ва қўллаб-қувватлаш хизматларини ҳам тақдим этади, – деди у.
“ALS Animal Health Rus” компанияси бош директори Константин Попов ушбу кўргазмада иштирок этиш корхона фаолияти учун катта имконият эканини қайд этди.
– Компания ҳақида тўхталадиган бўлсам, у Ҳиндистонда рўйхатдан ўтган. Бош офиси Мумбайда жойлашган. Ҳар бир мамлакатда дистрибьюторларимиз бор ва улар орқали самарали фаолият олиб борамиз. Шунингдек, Ўзбекистонда ҳам ваколатхонамиз очилган. Корхона маҳаллий бозорда Европа, Хитой ва Россия ишлаб чиқарувчилари билан самарали рақобат қилади ва бу соҳада ўз ўрнини мустаҳкамлашга эришган. “ALS Animal Health Rus” ветеринария препаратлари ишлаб чиқаришда етакчи ҳисобланади. Унинг асосий мақсади эса маҳаллий фермерлар ва ҳайвон парваришлаш соҳасидаги бизнеслар учун сифатли ва самарали ветеринария маҳсулотларини тақдим этиш ҳамда уларнинг ишлаб чиқариш натижадорлигини ошириш, –деди К.Попов.
Эслатиб ўтамиз, кўргазма эртага ўз ишини якунлайди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА