Агросаноат кластерига пресс-тур
Ҳудудларда саноатни ривожлантириш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш – шу куннинг муҳим талабидир.
Ҳудудларда саноатни ривожлантириш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш – шу куннинг муҳим талабидир.
Бу борада мамлакатимиз, хусусан, Наманган вилоятида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараён билан яқиндан танишиш мақсадида ОАВ ходимлари иштирокида “Art Soft Holding” МЧЖ агросаноат кластерига пресс-тур уюштирилди.
Пресс-тур иштирокчилари дастлаб Мингбулоқ туманидаги пахта далаларида бўлди.
Таъкидлаш жоизки, агросаноат кластери учун Поп туманидан 31,5 минг гектар ва Мингбулоқ туманидан 30,9 минг гектар ер майдони ажратилган. Корхона фермер хўжаликлари билан янгича ишлаш усулини амалиётга жорий этган. Замонавий кластер тизими – деҳқончиликка янги инновацион усулнинг олиб кирилиши соҳада катта ўзгаришларга сабаб бўлди.
Хусусан, “Art Soft tex cluster” фермер хўжалиги томонидан 2019 йилда Мингбулоқ ва Поп туманларида 57628 тонна пахта етиштириш режаси ўрнига 66178 тонна, режадан 14,8 фоиз кўп ҳосил етиштирилди. Бир неча йиллардан буён пахта сотиш режасини бажармаётган Поп тумани 2019 йилда пахта сотиш режасини 110 фоизга бажарди.
Жорий йилда Мингбулоқ ва Поп туманларида 23218 гектар майдонга чигит экилган бўлиб, 63900 тонна пахта хом-ашёси етиштириш режалаштирилган. Айни пайтда теримчилар ҳамда пахта териш машиналари ёрдамида пахтазордаги ҳосил йиғиб олинмоқда.
Сўнг машина-трактор паркида бўлган ОАВ ходимлари хориждан келтирилган янги техникалар ва уларнинг имкониятлари билан танишдилар. Корхона томонидан 2019 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида 788 та трактор ва бошқа агрегатлар сотиб олинган. Ҳар бир техниканинг ЖПС тизимига уланганлиги иш жараёнида узилишлар бўлмаслигини таъминлайди.
Жорий мавсумда пахтани терим машиналарида йиғиб олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, терим жараёнида Мингбулоқ туманида 21 та ва Поп туманида 20 та пахта териш машиналари иштирок этмоқда.
Қабул пунктларида бўлган иштирокчилар пахтани қабул қилиш ва сифатини аниқлашнинг энг замонавий усуллари билан танишдилар. Қабул пунктида пахта сифатини текшириш ва қабул қилиш жараёни кузатув камераларида акс этади. Энг муҳими, аниқлик ва ҳаққонийлик фермерларнинг қабул пункти ишидан норизо бўлмаслигини таъминлайди.
Пресс-тур қатнашчилари ўз навбатида “Art Soft Textile” фабрикасида ҳам бўлдилар. Бу ерда ип ҳолида олиб келинган хом-ашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади. Тўқиш, бўяш, хуллас, маҳсулотни тикиб тайёрлашгача бўлган жараён энг замонавий хорижий ускуналарда амалга оширилади.
Чунки корхонанинг маҳсулотга қўядиган сифат талаби жуда юқори. 100 фоиз табиий пахта матосидан тайёрланаётган момиқ сочиқлар ва ётоқхона учун мўлжалланган маҳсулотлар кучайтирилган сифат текширувидан ўтгачгина, буюртмачига юборилади. Барча жараён рақамлаштирилган бўлиб, хориждаги буюртмачи маҳсулотнинг қанча тайёрлангани ва сифатини кузатиб туриш имконига эга.
Бугунги кунда агросаноат кластери таркибида “Art Soft Textile”, “Art Soft Chamanzor”, “Art Soft Promzona”, “Art Soft Nanay”, “Art Soft Bo`ston”, “Art Soft Spinning”, “PapFen” каби еттита корхона фаолияти тўлиқ йўлга қўйилган. Мазкур корхоналар томонидан жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида 133,5 миллиард сўмлик тўқув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.
Шундан 11,8 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот МДҲ давлатларига экспорт қилинди. Асосийси мазкур корхоналарда 3 минг 250 нафардан ортиқ аҳоли иш билан таъминланган. Уларнинг қарийб 75 фоизини ёшлар ва хотин-қизлар ташкил этади.


