“Агромарафон” жиззахлик ёшларни чорлади
Жиззах вилоятида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон ёш фермерлар кенгаши ҳамкорлигида мамлакатимизда илк маротаба “Агромарафон” ташкил этилди.
Тадбирда 500 нафардан зиёд ёш фермерлар, тадбиркорликка қизиқувчи талаба ва ёшлар ҳамда агро соҳасида ўз ишини бошлаган йигит-қизлар иштирок этди.
Тадбир иштирокчилари Шароф Рашидов туманидаги “GOLD FISH AGRO” масъулияти чекланган жамиятидаги қишлоқ хўжалигида ўқув ишлаб чиқариш марказининг ўқув хоналари, 4 гектарлик Хитой технологияси асосида интенсив ва ярим интенсив усулда балиқ етиштиришга мўлжалланган сунъий ҳовузлари, хўжаликда олиб борилаётган ишлар, эришилаётган натижалари билан танишди.
Шундан сўнг Зомин туманидаги "Agro Finans Leasing" боғига агро саёҳат ташкил этилиб, мутахассислар томонидан қишлоқ хўжалигида юқори натижаларга эришиш сирлари, тадбиркорликни йўлга қўйишда нималарга эътибор қаратиш кераклиги тўғрисида маълумот берилди.
[gallery-4549]
Тадбир якунида марафон доирасида Зомин ёшлар маркази биносида ташкил этилган “Агробизнесда менежмент” мавзусидаги тренинг бўлиб ўтди. Унда қатнашчилар агротадбиркорлик ва бизнес бўйича юқори билим, кўникма ҳамда тажрибага эга бўлган агробизнесменлар — “Ўзбекистон Тупроқшунослар Тармоғи” асосчиси Шавкат Холдоров, “Teodora Goods ва Dalatek” компанияларининг директори Дилдора Атаджанова, “Mevali” компаниясининг директори Мансур Рахимов, “Vesagro” компаниясининг директори, агроблогер Ўрмонали Усмоновлар билан мулоқот ташкил этилди. Савол-жавоб тарзида ўтган учрашувда ёшлар қишлоқ хўжалигида ўз фаолиятларини бошлаш сирлари, бизнес режаларни тузиш ҳамда бизнесни ривожлантириш учун жаҳон тажрибалари билан ўртоқлашди.
– Мамлакатимизда ташкил этилаётган лойиҳа доирасидаги тадбирларнинг асосий мақсади ёш тадбиркорга ҳамда тадбиркорликка илк қадамларини қўяётган йигит-қизларга мотивация беришдан иборат, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Дилмурод Худойшукуров. – Бу каби тадбирлар доимий равишда ўтказилиши мақсадга мувофиқ бўлади.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА