Аграр соҳа вакиллари шарафланди
Нурафшон шаҳрида Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти Кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг раиси ўринбосари Э.Байниязов, ЎзКУФ Тошкент вилояти Кенгаши раиси С.Файзиева, Ўзбекистон Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг ҳудуд бўйича масъул ташкилотчиси Д.Саъдуллаев ҳамда бир гуруҳ қишлоқ хўжалиги тизими фаоллари иштирок этди.

Тадбирни Кенгаш раиси С.Файзиева кириш сўзи билан очиб, йиғилганларни байрам муносабати билан табриклади. Қайд этилганидек, қишлоқ хўжалиги халқимиз фаровонлиги, дастурхонимиз тўкинлигининг кафолатидир. Ушбу соҳада фаолият юритаётган фидойи инсонларнинг машаққатли меҳнатлари туфайли мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланмоқда.

Сўзга чиққанлар аграр соҳада сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар, ушбу тизимда фаолият юритаётган ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ижтимоий-иқтисодий муҳофаза қилиш бўйича рўй бераётган ижобий ўзгаришлар бўйича фикр билдирди. Хусусан, бу борада касаба уюшмаларининг ўрни ва роли тўғрисида атрофлича фикр юритилди.


Шундан сўнг қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун 35 нафар фаоллар Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти Кенгаши томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.Мусаев, ЎзА