Афшонада тарих ва туризм уйғунлиги
Буюк аллома Абу Али ибн Сино таваллуд топган заминда тарих, миллий қадрият ва замонавий туризм уйғунлашган янги маскан барпо этилмоқда. Бухоро вилоятининг Пешку туманида амалга оширилаётган “Афшона” этнотуризм шаҳарчаси нафақат сайёҳларни жалб этадиган янги манзил, балки ҳудуднинг иқтисодий ва ижтимоий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қиладиган муҳим лойиҳалардан бири бўлади.
Бугун Янги Ўзбекистон тараққиётида туризм соҳасини ривожлантириш, тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш ва уни замонавий хизматлар билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлат раҳбари ташаббуслари асосида юртимизнинг ҳар бир ҳудудида мавжуд тарихий обидалар, ноёб маданий мерос ва туристик салоҳиятдан самарали фойдаланиш, уларни иқтисодий тараққиётнинг муҳим драйверига айлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Афшонада барпо этилаётган этнотуризм шаҳарчаси ана шу эзгу мақсадларнинг амалий ифодасидир. Лойиҳанинг умумий қиймати 1,5 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, 1,5 гектар майдонни қамраб олади. Энг муҳими, мажмуа оддий сайёҳлик объекти сифатида эмас, балки Афшона заминининг бой тарихи, миллий анъаналари ва буюк аллома Абу Али ибн Сино меросини кенг тарғиб этадиган яхлит туристик маскан сифатида шакллантирилмоқда.
Мажмуа таркибидан Абу Али ибн Сино уй-музейи, тарихий карвонсарой, миллий ҳунармандчилик устахоналари, меҳмон уйлари, чойхоналар ҳамда соғломлаштириш масканларининг ўрин олиши режалаштирилган.
Бу объектларнинг ҳар бири ўзига хос мазмунга эга. Уй-музей буюк алломанинг ҳаёти ва илмий мероси билан танишиш имконини берса, тарихий карвонсарой қадимий савдо йўллари ва минтақа тарихини намоён этади. Ҳунармандчилик устахоналари эса авлоддан-авлодга ўтиб келаётган миллий касб-корларни сайёҳларга таништириш билан бирга, маҳаллий усталар учун янги бозор ва даромад манбаларини яратади.
Шу жиҳатдан қараганда, “Афшона” этнотуризм шаҳарчаси — ўтмишни шунчаки намойиш этадиган эмас, балки тарихий меросни бугунги иқтисодий имкониятлар билан боғлайдиган лойиҳадир.

Ҳар қандай ҳудуд тараққиётини баҳолашда энг муҳим мезонлардан бири — яратилаётган янги иш ўринлари ва аҳоли даромадларининг ортиши.
Лойиҳа доирасида 55 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Бу рақам ортида ўнлаб оилаларнинг барқарор даромади, ёшлар учун янги имкониятлар, маҳаллий аҳоли учун замонавий касб ва хизмат кўрсатиш кўникмаларини эгаллаш имконияти мужассам.
Зеро, туризм ривожланган ҳудудда фақат меҳмонхона ёки сайёҳлик объекти ходимлари эмас, балки ҳунарманд, ошпаз, гид, ҳайдовчи, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси вакиллари ҳам ўз меҳнати орқали даромад топади. Шу маънода, “Афшона” этнотуризм шаҳарчаси янги иш ўринларини яратиш билан чекланмай, маҳаллий иқтисодиётнинг бир нечта йўналишини бир вақтнинг ўзида ҳаракатга келтириши мумкин. Этнотуризмнинг яна бир муҳим жиҳати — у маҳаллий маҳсулот ва хизматларга бўлган талабни оширади.
Афшонага келган сайёҳ учун миллий ҳунармандчилик буюмлари, анъанавий таомлар, миллий муҳит, меҳмон уйлари ва маҳаллий аҳолининг турмуш тарзи оддий хизмат эмас, балки сайёҳлик тажрибасининг бир қисми ҳисобланади.

Бу эса маҳаллий аҳоли учун янги тадбиркорлик имкониятларини юзага келтиради. Кимдир ҳунармандчилик билан шуғулланади, кимдир оилавий меҳмон уйини йўлга қўяди, яна кимдир миллий таомлар тайёрлаб хизмат кўрсатади. Натижада туризмдан келадиган иқтисодий самара битта объект доирасида қолиб кетмай, бутун маҳаллага тарқалади. Энг муҳими, бу жараён ёшларнинг ўз ҳудудида муносиб даромад топишига, янги касбларни эгаллашига ва тадбиркорликка интилишига замин яратади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири