Афғонистонлик талабалар ҳазрат Навоийни ёд этди
Термиз туманидаги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида “Шеърият осмонининг ёрқин юлдузи” деб номланган адабий-бадиий кеча бўлиб ўтди.

Буюк мутафаккир, ғазал мулкининг султони, давлат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллигига бағишланган тадбирда мамлакатимизда адабиёт ва санъатни янги босқичда ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор буюк аждодларимиз меросини янада чуқур ўрганиб, дунёга кенг тараннум этишда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди. Бу жараёнда нафақат мамлакатимиз балки, дунёда улуғ бобоколанимиз Навоий ижодини тадқиқ этиб, ўрганишга интилиш ва қизиқиш ошиб бораётгани қайд этилди.

– Алишер Навоий ўзбек тилида ижод қилган буюк аждодимиз, – дейди таълим маркази директори Ойбек Рўзиев. – Улуғ бобомиз лирик, эпик ва фалсафий асарлари билан ўз даврида адабиёт оламида катта из қолдирган. Ҳаётлик давридаёқ нодир асарлари дунёнинг кўплаб давлатларида севиб мутолаа қилинди. Айни пайтда ҳам жаҳон олимлари ул зот меросини чуқур ўрганаётир. Адабиётшунослар Навоий шеъриятнинг 16 жанрида ижод қилганини, ҳозиргача ҳеч бир шоир поэзиянинг бунча жанрида қалам тебратмаганини аниқлашган.
Тадбирда маънавиятчилар, таълим марказининг ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчилари ғазал мулки султонининг ҳаёти ва ижоди ҳақида атрофлича маълумот берди.

– Буюк мутафаккир ўз ижодида фақат ўзбек тили имкониятлари билан чекланиб қолмаган, – дейди таълим марказининг катта ўқитувчиси Сайёра Тўраева. – Бошқа тиллардан ҳам оқилона фойдаланган. Навоийнинг сўз захирасига дунё олимлари тан берган. Ул зот қўллаган сўз ўйинлари адабиёт аҳлини ҳамон ром этиб келади. Улуғ аждодимиз нафақат буюк шоир, балки таржимон, тилшунос, давлат арбоби сифатида ҳам танилган.
Айни пайтда Термиз туманидаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида 145 нафар қўшни давлатнинг 14 вилоятидан келган ёшлар ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси, темир йўл ва қишлоқ хўжалиги мутахассислари йўналиши бўйича ўқиб, ўзлари танлаган касб сирларини чуқур ўрганаётир. Ўтган қисқа йилларда 212 нафар йигит-қиз таълим марказини муваффақиятли тугатиб, олий маълумотли мутахассис дипломига эга бўлди.
Адабий-бадиий кечада афғонистонлик талаба-ёшлар шеърият мулки султони ҳақида фикр-мулоҳаза юритди. Навоий ғазалларини ифодали ўқиб, саҳна кўринишларини намойиш этди.

–Беназир ва буюк бобомиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди, –дейди таълим маркази талабаси Шикиба Самадий. – Зеро, ҳазрат Навоий шоирларнинг шоири, улуғларнинг улуғи ва авлиёларнинг авлиёсидир. Афғонистонда ҳам улуғ бобомизни хотирлаш ажойиб анъанага айланган.
Тадбирда вилоят маънавият ва маърифат бўлими марказга китоблар жамланмасини топширди. Адабий-бадиий кечада фаол иштирок этган бир гуруҳ талабаларга Сурхондарё вилояти ҳокимининг IT парклар ва хорижий тилларни ривожлантириш бўйича маслаҳатчиси О.Чориев ноутбук туҳфа қилди. Таълим маркази фахрий ёрлиқ ва ташакурнома билан тақдирлади.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА