Афғонистон делегациясининг юртимизга ташрифи
Миллий ярашув олий кенгаши раиси Абдулла Абдулла бошчилигидаги Афғонистон Ислом Республикаси делегацияси 11 ноябрь куни амалий ташриф билан мамлакатимизга келди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Абдулла Абдулла билан учрашуви бўлиб ўтди.
Суҳбат чоғида турли соҳалардаги кўп қиррали Ўзбекистон – Афғонистон муносабатларининг жорий ҳолати ва алоқаларни янада фаоллаштириш истиқболи муҳокама қилинди.
Афғонистонда мустаҳкам тинчлик ўрнатиш ҳамда минтақавий хавфсизликни таъминлашнинг муҳим жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.
Транспорт, логистика, энергетика, савдо ва таълим соҳаларида инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш орқали икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Афғонистонда тез орада тинчлик ва барқарорликка эришиш учун мазкур мамлакатни Марказий Осиёдаги интеграция жараёнига жалб қилишни жадаллаштириш муҳимлиги қайд этилди.
Музокараларда икки томон кун тартибининг ўзаро манфаатли бошқа масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Шу куни Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Афғонистон делегацияси аъзолари билан музокара ўтказди.
Суҳбат чоғида инвестиция, савдо-иқтисодий, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболи, шунингдек, ҳудуд доираларидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар минтақада барқарор ривожланиш ва иқтисодий ҳамкорликнинг муҳим омили сифатида Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик таъминланиши муҳимлигини таъкидладилар.
Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш, транспорт-энергетика инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, Транс-Афғонистон транспорт йўлагини ривожлантириш ва “Сурхон-Пули-Хумри” электр узатиш тармоғини ишга туширишни жадаллаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Бошқа давлатлар бозори учун маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт қилишни назарда тутган ҳолда, икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида саноат кооперацияси ва бизнес алоқаларини чуқурлаштириш масаласи ҳам диққат марказида бўлди.
Афғон томони Ўзбекистон билан таълим соҳасидаги ҳамкорлик даражасини, хусусан, Афғонистон фуқаролари мамлакатимиз олий ўқув юртларида ўқитилаётганини юқори баҳолади.
Учрашув якуни бўйича иккала мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини жадаллаштириш ва минтақавий аҳамиятга эга қўшма лойиҳаларни тарғиб қилиш бўйича яқин ҳамкорликни фаоллаштиришга қаратилган ҳамкорлик доирасидаги келгуси режалар белгилаб олинди.
Меҳмонлар, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти билан ҳам учрашди.
Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА