Афғон шаҳзодасининг рубоби Самарқандга қандай келиб қолган?
Ҳамкасбимиз Д.Мавлонованинг “Ўзбекистонга афғон рубобини бухороликлар олиб келганми?” сарлавҳали хабарини ўқиб туриб Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси фондида сақланаётган Афғонистон шаҳзодаси Сардор Исҳоқхоннинг рубоби ҳақида илингим келди. Ушбу афғон рубоби музей фондида 1929 йилдан буён сақланиб келинади.
Гап шундаки, рубоб 1929 йилда Халқ хўжалиги олий кенгаши ташаббуси билан Москвада ўтказилган енгил саноат маҳсулотлари кўргазмасида намойиш этилган. Кўргазма якунланганидан сўнг намойиш этилган ашёлар мансублигига қараб ўша вақтдаги иттифоқдош республикаларга тақсимланади. Афғонистон шаҳзодаси Сардор Исҳоқхоннинг рубоби Самарқанд музейига тақдим этилади. Мазкур рубобнинг умумий узунлиги 81 сантиметр, баландлиги 18 сантиметр ва овоз косаси кенглиги 16 сантиметрни ташкил этади. Овоз косаси ёки резонатори кенг ва чуқур. Ушбу рубобда ҳам Ўзбекистонда кенг тарқалган қашқар рубобидаги каби гажаклар бор. Резонаторининг пастки қисми тери, юқори қисми юпқа тахтача билан қопланган.
Шаҳзода Сардор Исҳоқхон ҳақида нималар маълум? Шаҳзодани Самарқанд билан боғлаб турувчи фақат мана шу рубобми? Ушбу саволлар ортидан ўтказган изланишларимиз давомида қизиқарли маълумотларга дуч келдик.
Нақшбандийлик тариқати билан боғлиқ меъморий ва эпиграфик маълумотларни тадқиқ қилган олим Меҳрожиддин Амоновнинг ёзишича, 1880-1901 йилларда Афғонистонда ҳукмронлик қилган Амир Абдураҳмонхон ибн Муҳаммад Афзалхон 1863 йилда бобоси Дўст Муҳаммад вафот этгач Самарқандга келади. У билан бирга амакиваччаси Сардор Исҳоқхон ҳам келган. Улар Амир Абдураҳмонхоннинг ҳукмронлиги бошлангунга қадар, яъни 1880 йилгача Самарқандда яшаганлар. Амир Абдураҳмонхон Афғонистонда ўз ҳукмронлигини ўрнатгач, ўзининг амакиси Муҳаммад Аъзамхоннинг ўғли бўлмиш Сардор Муҳаммад Исҳоқхонга тазйиқ ўтказади. Қаттиқ тазйиқ натижаси сабаб бўлса керак, Муҳаммад Исҳоқхон Ҳирот-Балх шаҳарлари орқали Самарқандга қайтиб келишга мажбур бўлади. Бу ерда унга иззат-икром кўрсатилиб, ҳозирги Хожа Абду Дарун, Хожа Аҳрори Вали ва Хожа Авлиё зиёратгоҳлари атрофларидан жой берилган.
Самарқанд давлат муей-қўриқхонаси қўлёзмалар фондида сақланаётган Мавлоно Нуриддин Маҳжурий Самарқандийнинг Самарқанд олимлари тазкираси номли рисоласида қайд этилишича, Самарқанд шаҳридаги халқ орасида «халифа Иброҳим» номи билан танилган Хўжа Абду Дарун мозори яқинида жойлашган Хўжа Мавлоно Мирмуҳаммад Иброҳим хожа Самарқандий мақбараси ҳам афғон шаҳзодаси Сардор Исҳоқхон томонидан 1882 йилда бунёд этилган. Шаҳзода Сардор Исҳоқхон 1908 йилда Самарқандда вафот этади.
Рубобга қайтадиган бўлсак, ушбу рубоб Москвадаги кўргазмага қандай ёки ким томонидан олиб борилган? Шаҳзода вафот этгач унга тегишли буюмлар кимга мерос бўлиб қолган? Улар ҳозиргача сақланиб қолганми ёки қарамликнинг суронли йилларида хорижга олиб чиқиб кетилганми? Табиийки ушбу саволларга жавоб топиш учун алоҳида тадқиқот олиб бориш талаб этилади.
Маҳмудхон ЮНУСОВ,
Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош муҳофизи