“Аэропорт ёшлари — бир мақсад” дастури доирасида муҳим ташаббуслар муҳокама қилинди
Термиз шаҳрида “Аэропорт ёшлари — бир мақсад учун бирлашайлик” дастури доирасида “Uzbekistan Airports” АЖ мутасаддиларининг ёш ходимлар билан очиқ учрашуви бўлиб ўтди.
Бу сафар учрашув формати анъанавий очиқ мулоқот доирасидан анча кенг бўлди. Мамлакатнинг турли аэропортларидан ташриф буюрган ёш мутахассислар нафақат саволлар, балки аниқ ташаббуслар билан ҳам иштирок этди: ҳар бир аэропорт иш жараёнини такомиллаштириш, инфратузилмани ривожлантириш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ҳамда иш фаолиятига янги ёндашувларни жорий этишга қаратилган ўз лойиҳасини тақдим этди.
Тақдимотлар мазмунли ва жонли профессионал муҳокамаларнинг асосига айланди. Иштирокчилар ўз ғояларини шунчаки тақдим этиш билан чекланиб қолмай, бошқа аэропортлардан келган ҳамкасбларининг саволларига жавоб берди, ташаббусларнинг амалий ижроси юзасидан фикр алмашди ҳамда ўзаро тажриба бўлишди. Бундай формат учрашувни ҳамкорликдаги лойиҳа ишлари учун тўлақонли майдонга айлантирди.
Мазкур учрашувни очиб берган “Uzbekistan Airports” бошқаруви раиси Жавлонбек Умархўжаев авиация соҳасининг келажаги кўп жиҳатдан ёш мутахассисларга, уларнинг ташаббускорлиги ва янги ечимларни таклиф этишга тайёрлигига боғлиқлигини таъкидлади.
Муҳокамалар якунида тақдим этилган қатор ташаббуслар бўйича лойиҳаларни компаниянинг тегишли бўлинмалари билан биргаликда янада чуқур ишлаб чиқиш юзасидан тавсиялар берилди.
Мутахассислар Ўзбекистон авиация соҳаси жадал ривожланиш босқичини бошдан кечириётганлигини, аэропорт инфратузилмаси модернизация қилинаётганини, янги лойиҳалар ишга туширилишини, парвозлар географияси кенгайиши ва малакали кадрларга бўлган эҳтиёж ортиб боришини қайд этди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА