Қадрингиз ва қаддингиз баланд бўлсин, муаллим
Давлатимиз раҳбарининг халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида билдирган фикрлари ва халқимизга қилган мурожаати тарихий воқеа бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида билдирган фикрлари ва халқимизга қилган мурожаати тарихий воқеа бўлди. Айниқса, биз ўқитувчиларнинг кўнгли тоғдек юксалгани, фахр-ифтихорга тўлгани ҳам рост.
Ўқитувчилик фаолиятимга 43 йил бўлмоқда, ўтган даврда бу касбнинг заҳмат ва машаққатларини кўришга ҳам тўғри келди. Унинг нонини ейиш осон бўлмади. Шундай бўлса-да, шарафли касбга хиёнат қилмадим. Аввало, муқаддас даргоҳда ишлаш, ёш авлодга билим бериш, уларни тарбиялаш – оддий иш эмас. Бу миллатга дахлдор – масала. Шунинг учун ҳам Президентимиз ўқитувчининг нуфузини кўтаришга катта бел боғлади. Кейинги икки йилда таълим соҳасида ҳам жиддий ислоҳотлар амалга оширилаётганини барчамиз теран ҳис этмоқдамиз. Иш ҳақларимиз кескин ошди, ижтимоий ҳимоя ҳам кучаймоқда. Албатта, мақсадга осонлик билан етишиб бўлмайди, ҳаммаси босқичма-босқич амалга оширилади. Давлатимиз раҳбари бу борада дадил қадамни қўйди.

Бугунги кунда мактабларда эркак муаллимлар сонини кўпайтириш, оила, маҳалла ва мактаб ҳамкорлигини мустаҳкамлаш муҳим вазифалардан биридир. Дарҳақиқат, таълим-тарбияда отанинг ўрни ниҳоятда катта. Афсуски, кейинги пайтда мактаблардан эркак ўқитувчиларнинг кетиб қолгани ҳам айни ҳақиқатдир. Фарзандларимизнинг “катта бўлсам ўқитувчи бўламан” деган гапини эшитмай қўйгандик. Бугун эса вазият умуман ўзгарди, улар яна таълимга қайтишмоқда. Чунки жамиятимизда ўқитувчи қадри ва қадди баландлай бошлади. Биз келажак эгаларимиз бахтли ҳаётининг пойдевори мустаҳкам бўлиши учун таълим ва тарбияга бефарқ бўлмаслигимиз керак.
Таълим тизимида амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларга қарамасдан, ҳамон тизимли муаммолар борлиги, мактабларнинг моддий-техник базаси, айрим педагог ходимларнинг билим ва малакаси бугунги замон талабларига жавоб бермаслиги йиғилишда қаттиқ танқид қилинди. Давлатимиз раҳбари таълим-тарбия соҳасида замонавий ва оқилона тизим яратиш, ўқитиш методлари, таълим стандартлари, дарслик ва ўқув-қўлланмаларини янгилаш зарурлиги, билим беришда чет элдаги илғор тажрибалардан фойдаланиш, тарбияда эса миллий анъана ва қадриятларга суяниш муҳимлигига, мактаблардаги камчиликларни тузатиш, таълим сифатини назорат қилиш учун ота-оналар, кенг жамоатчиликнинг иштироки зарурлигига алоҳида эътибор қаратгани ҳам бежиз эмас.

Аввало, мактаб таълимига Президентимизнинг бешта муҳим ташаббуси кўрсатмалари тўлиқ кириб боришига эришиш, ижросини таъминлашда бор салоҳиятимизни, бутун имкониятларимизни ишга солишимиз зарур.
Келажагимизнинг порлоқлиги, айтиш мумкинки, нафақат иқтисодиётимизга, балки муаллимларимиз, ўқитувчиларимизга ҳам боғлиқ. Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек, тарбия биз учун ё ҳаёт, ё нажот масаласи бўлиши зарур. Тарбия билан эса, асосан, педагоглар, болани ўз орқасидан эргаштирувчи шахс – у ота-она бўладими, ўқитувчими, қурувчими, ким бўлишидан қатъий назар, барчамиз шуғулланишимиз зарур. Бу борада кенг жамоатчилик, корхона ва ташкилотлар, туман, вилоят ҳокимлари ўқитувчиларга кўмакдош, елкадош бўлишлари зарур.

Мамлакатимиз халқ таълими тизимида бошланган хайрли ислоҳотлар жамиятнинг юзи бўлмиш ўқитувчи мартабасини юксалтириш, таълим-тарбиядаги муаммоларни ҳал этиш, шу орқали тараққиётимизнинг асосий таянчини мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Биз бундан янада руҳланиб, ўз касбимизга, юртимиз равнақига, келажагимиз бўлган фарзандларимизга меҳнатимиз, куч-қувватимиз, билимимизни аямаймиз.
Икромжон МАРАҲИМОВ,
Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги
1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим
мактаб-интернатининг физика фани ўқитувчиси,
Ўзбекистон Республикасида хизмат
кўрсатган халқ таълими ходими.