Адолатли рақобат сари янги қадам
Сурхондарё вилоятида рақобат муҳитини ривожлантиришга қаратилган муҳим “йўл харитаси” тасдиқланди. Ушбу режа 2026 йил давомида ҳудуд иқтисодиётини янада эркинлаштириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашни кўзда тутади.
Унга кўра, импортга юқори боғлиқ бўлган камида 10 та бозор таҳлил қилиниб, маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича янги лойиҳалар ишлаб чиқилади. Шу билан бирга, ҳокимликлар томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг рақобатга таъсири ҳам ўрганилади.
Тадбиркорлар учун инфратузилма масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Электр, газ ва сув таъминотига уланишдаги муаммолар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилади. Давлат харидлари соҳасида эса минглаб жараёнлар қонунийлик нуқтаи назаридан текширилади.
Янгилик сифатида вилоят ҳокимлиги ҳузурида “Рекламани назорат қилиш шуъбаси” ташкил этилиб, ташқи реклама тизими тартибга солинади.
Истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш ҳам устувор йўналишлардан бири бўлиб, назорат харидлари ўтказилади, маҳсулотлар сифати текширилади ва ижтимоий аҳамиятга эга товарлар нархини пасайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.
Шунингдек, давлат иштирокидаги 100 дан ортиқ корхона фаолияти таҳлил қилиниб, давлат улушини қисқартириш орқали соғлом рақобат муҳитини кучайтириш режалаштирилган.
Мазкур “йўл харитаси” ҳудудда очиқ бозор ва адолатли рақобатни таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Нигора Раҳмонова, ЎзА