Адолат сари яна бир қадам
Суд ҳокимиятига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, коррупциявий хавфларни барвақт бартараф этиш ва тизимда очиқлик муҳитини кучайтириш — мамлакатда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Президентимизнинг судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишга қаратилган янги фармони ана шу мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш, одил судлов сифатини ошириш ҳамда судларга нисбатан жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда коррупциянинг олдини олиш ва унинг ҳар қандай кўринишига қарши муросасиз курашиш устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 8 июнда қабул қилинган “Судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Ҳужжатнинг асосий моҳияти суд тизимида коррупциявий хавфларнинг олдини олиш, уларни эрта аниқлаш ва бартараф этишнинг самарали механизмларини шакллантиришдан иборат.
Фармон билан суд тизимида коррупцияга қарши ички назоратнинг замонавий институционал тузилмаси — Комплаенс назорат хизмати ташкил этилиши белгиланди. Бу хизматнинг жорий этилиши фақат навбатдаги ташкилий ўзгариш эмас, балки суд аппарати фаолиятида ҳалоллик, қонунийлик ва масъулият тамойилларини янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадам сифатида аҳамият касб этади.
Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур тузилма коррупциявий хавфларни аниқлаш ва баҳолаш билан бирга, уларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этишга ҳам хизмат қилади. Кадрлар танловининг шаффофлиги, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, ходимларнинг касбий этикага риоя қилиши устидан мониторинг ўрнатиш каби вазифалар тизимнинг самарадорлигини оширишга қаратилган.
Фармонда кадрлар сиёсатига алоҳида эътибор берилгани ҳам муҳим аҳамиятга эга. Суд аппаратига ҳалоллиги, юқори касбий салоҳияти ва муносиб обрў-эътиборга эга мутахассисларни жалб қилиш, очиқ танлов тамойилларини кенгайтириш ҳамда инсон омили таъсирини камайтириш орқали тизимнинг ички барқарорлигини таъминлаш кўзда тутилган.
Ҳужжатнинг яна бир муҳим жиҳати рақамли технологияларга устувор аҳамият қаратилаётганида намоён бўлади. Суд ишларини автоматик тақсимлаш механизмларини такомиллаштириш, коррупциявий хавфларни электрон тарзда бошқариш ҳамда кадрлар билан ишлаш жараёнларини рақамлаштириш орқали шаффофликни таъминлаш мақсад қилинган. Бу эса қарор қабул қилиш жараёнларида субъектив ёндашувларни қисқартиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, коррупция ҳақида хабар берувчи шахсларни ҳимоя қилиш, хавфсиз алоқа каналларини йўлга қўйиш ва даромадлар ҳамда мол-мулкни декларация қилиш механизмларини жорий этиш каби чоралар ҳам тизимда очиқлик муҳитини янада кучайтиришга қаратилган.
Бугунги кунда жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, суд тизимида адолатни таъминлаш фақат қонунлар мукаммаллиги билан эмас, балки уларни амалга оширувчи институтларнинг шаффофлиги ва жавобгарлиги билан ҳам белгиланади. Шу нуқтаи назардан қараганда, Комплаенс назорат хизмати фаолияти суд ҳокимиятининг ички иммунитетини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим механизмга айланиши кутилмоқда.
Энг муҳими, мазкур фармон фуқароларнинг судларга бўлган ишончини янада ошириш, одил судловнинг таъсирчанлигини кучайтириш ва коррупциядан холи муҳитни шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Зеро, адолат устувор бўлган жамиятда тараққиёт ҳам, инсон қадри ҳам юксак бўлади.
Толибжон Ҳайдаров,
Жиззах вилоят суди раисининг ўринбосари,
жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси
ЎзА