Адолат эгилади, букилади, аммо синмайди
Жиззах вилояти судлари мутасаддилари томонидан Шароф Рашидов ҳамда Зарбдор туманларида истиқомат қилувчи фуқаролар учун оммавий сайёр қабуллар ташкил этилди. Шароф Рашидов туманида ўтган сайёр қабулда судга оид масалаларда ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак сўраб келган 43 нафар фуқаронинг мурожаатлари тингланди.
– Бу ишларнинг 30 нафарини фуқаролик, 10 нафарини жиноят, 2 нафарини иқтисодий ва 1 нафарини маъмурий судларга оид масалалар ташкил этди, – дейди Жиззах вилоят суди раиси Акрам Шукуров. – Шу мурожаатларнинг 38 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган бўлса, 5 таси жойида ижобий ҳал этилди. Шунингдек, ушбу қабул жараёнида Жиноят ишлари бўйича Шароф Рашидов туман судининг сайёр мажлиси ҳам ўтказилиб, унда 24 нафар шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар кўриб чиқилди. 12 нафар маҳкум Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинди.
Жумладан, ушбу сайёр судга мурожаат этган фуқаро Элдор Аҳмедовга нисбатан вилоят Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан қўлланилган жарима жазосини бекор қилиш ҳақидаги илтимосномаси кўриб чиқилди.
[gallery-17496]
– Бугунги сайёр судга, вилоят ИИБ ЙҲХБ мутасаддилари томонидан менга нисбатан қўйилган 1 миллион 700 минг сўмлик жарима жазосини бекор қилиш ҳақида илтимоснома билан мурожаат қилган эдим, – дейди фуқаро Элдор Аҳмедов. – Ушбу илтимосномам суд тартибида кўриб чиқилиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик аломати йўқ деб топилди ва шу сабабдан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси 1-бандига асосан маъмурий иш юритувдан тугатилди. Адолат эгилади, букилади, лекин синмайди, деган халқ нақли ҳаётимизда ҳақиқат эканига яна бир карра ишонч ҳосил қилдим.
Оммавий сайёр қабул Зарбдор туманида истиқомат қилувчи фуқаролар учун ҳам бўлиб ўтди. Унда 31 нафар фуқаро қабул қилиниб, 8 нафар фуқаронинг мурожаати жойида ижобий ҳал этилган бўлса, 23 нафар фуқарога тегишли тартибда ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, қабул жараёнида Жиноят ишлари бўйича Зарбдор туман судининг сайёр мажлиси ўтказилиб, унда 21 нафар шахсга маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар кўриб чиқилди. Беш нафар маҳкум Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан шартли равишда жазодан муддатидан аввал озод этилди.
Жумладан, фуқаро Алишер Ҳайдаровнинг унга нисбатан солиқ органи ходимлари томонидан қўлланилган 3 миллион сўмлик жарима жазосининг миқдорини камайтириш ҳақидаги илтимосномаси сайёр суд тартибида кўриб чиқилиб, унга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 33-моддаси тартибида БҲМнинг икки баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Сайёр қабулдан сўнг вилоят суди раиси бошчилигида туман ҳокими, туман прокурори ҳамда туман суди раиси томонидан шу ҳудуддаги 1-сонли умумтаълим мактабининг республика ва халқаро спорт мусобақаларида юқори натижалар кўрсатган ҳамда аъло баҳоларга ўқиётган намунали хулқли ўқувчиларига жаҳон болалар адабиёти дурдоналари-- китоблар жамланмаси совға қилинди.
Вилоят суди раиси Акрам Шукуров, ўқувчиларга бундан ҳам юқори натижаларга эришиб, мамлакатимизда ёшларга яратилаётган шароит ва имкониятлардан кенг фойдаланиши ва Ватанимиз шон-шуҳратига ўз ғалабалари билан муносиб ҳиссасини қўшиши лозимлигини алоҳида таъкидлади.
А. Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари