Адолат қарор топишини истайман холос
Мен 2012 йилдан 2016 йилнинг сентябрь ойига қадар Фарғона вилояти Қува тумани 2- давлат нотариал идорасида нотариус лавозимида ишлаганман.
Таҳрирсиз мактуб
Мен 2012 йилдан 2016 йилнинг сентябрь ойига қадар Фарғона вилояти Қува тумани 2- давлат нотариал идорасида нотариус лавозимида ишлаганман. Ўз касбимни яхши кўрганим учун ҳам ҳар бир ишга ҳалоллик билан ёндашардим.
2016 йилнинг май ойи бошларидан менга нисбатан тазйиқлар бошланди. Гўёки улар прокуратура ва суд орқали мен томонимдан алданган одамларни пулларини олиб беришармиш. Менга нисбатан фирибгарлик бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилди. Аслида бу мени ўз ишимдан четлатиб, профессионал ҳолатимга нуқта қўйишдан иборат қабиҳ режа эди.
Ёш бўлсам-да бошимдан жиддий синовларни ўтказдим. Терговни вилоят прокуратураси терговчилари О.Аҳраров ва Р.Меҳмоновлар фақат руҳий азоб ва тазйиқлар билан олиб боришди. Дастлаб нимагадир жиноят ишида тергов Р.Меҳмоновда бўлсада мен операциядан чиқиб (тасаввур қилаяпсизми қорин қисмим операция қилиниб ёриқ ҳолатда) койкада ётганимда 2016 йилнинг июль ойлари бошларида терговчи О.Аҳраров мажбурлаб олдига чақириб, 16 миллион пулни тўлашимни сўраган. Бу пулни ўша куни эрталабдан кечгача қорним яраси очиқ қон оққан ҳолда топиб олиб келиб топширганман. Топширганману ерга қулабман... Жиноят иши менга нисбатан Жиноят кодексининг 168 -моддаси 2 -қисми билан қўзғатилган бўлсада бу ҳақда биз 05.09.2016 йилда хабардор бўлганмиз. Гўёки етказилган зарар 50 миллион деб топилиб, 49 миллион 50 минг прокуратура депозитига мажбурлаб пул тўлатди.
Суд жараёни ҳам “саҳналаштирилиб”, жабрланувчилар қарама қарши кўрсатма беришар, уларнинг терговдаги кўрсатмаларига бутунлай тескари эди. Жабрланувчилар айбловга кўра 383 та бўлсада улардан 5 таси ва 1 нафар гувоҳ келди. Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди томонидан менга энг кам иш ҳақини 150 баробар миқдори, яъни 20 миллион сўм жарима ва 3 йилга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ касбларда ишлашдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, жабрланувчиларга етказилган зарар учун мен томонимдан тўланган 49 миллион сўмни давлатга ўтказиш белгиланди. Судда менга қўйилган айблар ўз тасдиғини топмаган бўлса-да, адолатсиз жазо берилгани мени ҳайрон қолдирди. Қани бу ерда суднинг “адолат қўрғони” эканлиги?
Шу ҳодисалардан кейин прокуратура ва суд идораларга 50 дан ортиқ мурожаат қилдим ва афсуски, амалий жавоб ололмадим. Биргина ҳолатни истисно қилмаса. 2017 йил Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига қилган мурожаатим асосида олиб борилган тергов ва суд қарорлари юзасидан назорат асосида текширув ўтказилди. Текшириш натижаларига кўра, “шоу иштирокчиси” деб топилган Қ.Далиевга етказилган зарар терговда гўёки молия идораларининг айби билан кириб қолибди. Пулингизни Фарғона шаҳар судидан олишингиз мумкин деган жавоб олганман. Эси бор одам тушунадики зарар ўз ўзидан терговда пайдо бўлмайди. Ҳақиқатга тўғри келмайди прокуратура томонидан протест келтириш ҳукм бекор қилиниши керак. Аслида бундай “адашмовчилик” жиноят ишини аксариятини ташкил қилиб шу жавобдан кейин менга фақат бошқа ҳолатларни ўрганишдан бош тортган ҳолда бир хил жавоб келмоқда.
Мен фақат адолат қарор топишини ҳамда ўз профессионал фаолиятимга тикланишимни истайман холос. Ахир бугун судларга катта ишонч пайдо бўлмоқда.
Шамсиддин Шарипов,
Фарғона вилояти Олтиариқ туман
“Олтиариқ” маҳалла фуқаролар йиғини