Адлия ходимлари фуқароларга кўмакдош
Президентимиз томонидан “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унда фуқаролар ҳаётидаги ҳуқуқий муаммоларни аниқлаш ҳамда аниқланган ҳуқуқий муаммоларни ҳал этиш адлия бўлимларининг асосий вазифалардан бири этиб белгиланди.
Аҳолининг ҳуқуқий онги етарли бўлмаган қатламининг муаммолари ўрнида ўрганилди ва бартараф этилиши таъминланди. Шу билан бир қаторда бундай аҳоли қатламига керакли ҳуқуқий маслаҳатлар бериш орқали уларнинг ҳуқуқий онгини ўстиришга эришилди.
Фармон ижроси юзасидан Янгийўл туман адлия ходимлари томонидан “Ҳуқуқий кўмак” акциялари ўтказилди ва юздан ортиқ фуқароларнинг ҳуқуқий муаммолари бартараф этилди.
Жумладан, 1956 йилнинг 25 октябрь куни Янгийўл туманида туғилган Й.Р. исмли фуқаронинг ҳозирги кунга қадар туғилганлик ҳақидаги далолатномаси йўқлиги маълум бўлди. Шу сабаб фуқарога ҳозирги кунга қадар ёшга доир пенсия тайинланмаган. Туман адлия бўлимининг Фуқаролик ишлари бўйича Янгийўл туманлараро судига фуқаро Й.Р.нинг туғилганлик фактини аниқлаш тўғрисида ариза киритилиб ҳал қилув қарори қабул қилинди.
Шунингдек, Д.Н. исмли фуқаро Қирғизистон Республикасидан доимий паспорт рўйхатидан чиқиб, 1994 йилнинг май ойида доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси Тошкент вилояти Янгийўл туманига оила аъзолари билан кўчиб келиб яшагани аниқланди. Фуқаро Д.Н. ҳозирги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олмаган. Фуқаро томонидан туман адлия бўлимининг Ўзбекистон Республикасида доимий яшаганлик фактини тасдиқлаш тўғрисида судга даъво ариза киритилди ва ҳал қилув қарори қабул қилинди. Д.Н.га Ўзбекистон Республикаси фуқаросини тасдиқловчи паспорт тақдим этилди.
Бу каби ижобий ишлар натижасида аҳоли ўртасида адлия ходимларига бўлган ишонч янада ортмоқда. Аҳоли бу каби тадбирлардан хурсандлигини билдирмоқда.
А.Нарзиев,
Янгийўл туман адлия бўлими бошлиғи