Адлия тизими: сарҳисоб ва келгуси режалар
Қашқадарё вилояти адлия бошқармаси томонидан 2019 йилда ўтказилган ўрганишлар 8 минг 830 та қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган.
Қашқадарё вилояти адлия бошқармаси томонидан 2019 йилда ўтказилган ўрганишлар 8 минг 830 та қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган. Қонун бузилиши ҳолатларини бартараф қилиш юзасидан 394 та тақдимнома, 40 та маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақида таклиф ҳамда 358 та огоҳнома киритилган.
Натижада 303 нафар шахсга интизомий жазо қўлланилган. 3 нафар шахс эгаллаб турган вазифасидан озод қилинган. 9 миллиард 333 миллион 114 минг сўмдан ортиқ пул маблағлағлари қонуний эгаларига қайтарилган. 39 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.
Бу ҳақда Қашқадарё вилояти адлия бошқармасининг 2019 йил фаолияти якунлари ва 2020 йилда амалга ошириладиган ишларга бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Бошқарма томонидан 2019 йил давомида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган жами 1 минг 318 та мурожаатнинг 920 таси ҳал этилиб, шундан 276 таси ёки 21 фоизи қаноатлантирилган, 644 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган. Шунингдек, бошқарманинг “ишонч телефони”га келиб тушган 343 та мурожаатнинг 302 таси ҳал этилиб, шундан 69 таси ёки 20 фоизи қаноатлантирилган, 227 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган, 6 таси рад этилган.

Қонун ҳужжатларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий тусдаги 6 та қарор лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган бўлиб, шундан 5 тасига розилик визаси қўйилган. Норма ижодкорлиги соҳасида маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ўтказилган ўрганишлар натижаси бўйича 5 та тақдимнома киритилиб, 11 та норматив-ҳуқуқий ҳуқуқий тусдаги қарорлар бекор қилинган. Қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан 154 та таклифлар берилган.
Бундан ташқари, бошқарма томонидан ҳисобот даврида судларга 22 та 459 миллион 584 минг сўмлик даъво аризалари киритилган. 45 та 115 миллион 46 минг сўмлик даъво аризаси натижасига кўра 302 миллион 84 минг сўмлик 35 та даъво аризалари қаноатлантирилган.
– Амалга оширилаётган ишларни аҳоли қатламига етказишда оммавий ахборот воситаларининг роли катта. Шу нуқтаи назардан бугунги тадбир ниҳоятда аҳамиятли бўлди. Масалан, давлат нотариал идораларининг фаолияти бўйича тўхталадиган бўлсак, бугунги кунда вилоят бўйича 48 та нотариал идора фаолият юритмоқда, – дейди бошқарманинг ҳуқуқий хизмат кўрсатишни давлат томонидан тартибга солиш бўлими бошлиғи Дилмурод Худойқулов. – Улар томонидан 2019 йил давомида 224 минг 468 та нотариал ҳаракатлар амалга оширилган. 44 миллиард 898 миллион сўмлик давлат божи, 2 миллиард 794 миллион 267 минг сўмлик герб йиғими ҳамда 12 миллиард 923 миллион сўмлик пуллик хизмат тўловлари ундирилди. Энг аҳамиятлиси ўтган йилдан бошлаб, нотариал ҳаракатлар учун амалга ошириладиган тўловлар учун смс хабар тизими йўлга қўйилди. Бунда тайёрланган нотариал ҳужжат учун тўлов миқдорини компьютер белгилайди ва кассага тўланганда истеъмолчининг қўл телифонига тўловни ўтказиш тўғрисидаги махсус код рақами келади ва шу рақам орқали тўлов расмийлаштирилади. Бу эса фуқаролардан ортиқча ноқонуний маблағлар олинишини олдини олади. Бундан ташқари, жорий йилдан бошлаб, нотариал идораларни хусусийлаштириш мўлжалланмоқда. Шуни эвазига уларнинг сони кўпайтирилади ва фуқароларнинг узоқ вақт навбат кутиб, овора бўлишини олди олинади.
Тадбирда масъуллар журналистлар томонидан берилган саволларга батафсил жавоб қайтарди.