Адлия кўмагида фуқаро ишга тикланди
Қарши шаҳрида яшовчи фуқаро Ф.Жумаева Қарши темир йўл шифохонасида ҳамшира бўлиб ишларди.
Ёшига етиб пенсияга чиққач, шифохона раҳбарияти у билан меҳнат шартномасини бекор қилади. Бундан норози бўлган Ф.Жумаева вилоят адлия бошқармасига мурожаат қилди.
Аниқланишича, жорий йилнинг 7 март куни фуқаро Ф.Жумаева касалхона бош шифокорининг 61-сон буйруғига асосан 2021 йил 1 январь кунидан пенсияга чиққанлиги муносабати билан у билан тузилган меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 7-бандига асосан бекор қилинган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорининг 1-бандида 2019 йил 1 майдан аёлларнинг пенсия ёшига тўлганлиги ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи вужудга келганлиги сабабли улар билан тузилган номуайян муддатли меҳнат шартномасини 60 ёшга тўлгунга қадар ёки муддатли меҳнат шартномасини муддати тугагунга қадар иш берувчининг ташаббусига кўра, бекор қилиш тақиқланиши назарда тутилган.
– Фуқаро Ф.Жумаеванинг манфаатини кўзлаб жавобгар Қарши темир йўл шифохонасига нисбатан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқни ғайриқонуний деб топиб бекор қилиш, даъвогарни ишга тиклаш ва мажбурий ишга келмаган кунлари даври учун иш ҳақларини ҳамда маънавий зарарни ундириш ҳақида Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судига даъво аризаси киритилди, – дейди инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи Э.Исмоилов. – Мазкур даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро суди томонидан кўриб чиқилиб, жорий йилнинг 17 май куни даъво аризасини қаноатлантириш, яъни фуқаро Ф.Жумаевани ўз иш жойига тиклаш, мажбурий ишга келмаган кунлари учун 7 миллион 42 минг 18 сўм иш ҳақи ва 3,5 миллион сўм маънавий зарар ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА.