Адлия кўмагида фермер ер майдонини қайтариб олди
Навоий вилоятида “Фермерга мадад” ҳуқуқий акцияси доирасида ҳудудлардаги фермерлар фаолияти билан яқиндан танишилиб, улар билан давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Масалалар жойига борган ҳолда ўрганилиб, таҳлил этилмоқда.
– Мулоқотлар мобайнида фермерларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ер, солиқ, меҳнат, шартномавий ҳуқуқий ва бошқа муносабатлар бўйича қонунчилик талаблари тушунтирилаяпти, – дейди Навоий вилояти адлия бошқармаси ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи Дилдора Каттаева. – Фермер хўжаликлари ўртасида ташкил этилаётган сўровномалар эса мазкур йўналишда қонунчиликка янги таклифлар тайёрлашда муҳим омил бўлмоқда. Бундан ташқари, соҳа вакилларига адлия органлари тизимида @fermermadadbot ташкил этилганлиги, бот орқали фермер хўжалиги раҳбарлари ва ишчиларининг мурожаатлари ёзма, оғзаки ва электрон шаклда қабул қилиниб, уларнинг ўрганилиши, натижалари, шунингдек, бузилган ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилиши юзасидан тўлиқ маълумотлар бериб борилмоқда.

Кармана тумани ҳудудида фаолият юритаётган “Ғулом Дилафрўз умиди” фермер хўжалиги мутасаддилари айнан ана шу тармоқ орқали туман адлия бўлимига мурожаат қилган эди. Уларнинг мурожаати жойига чиқиб ўрганилганда, фермер хўжалигига тегишли бўлган ер майдонини олишда қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйилгани маълум бўлди.
Фермер хўжалиги фаолияти чорвачилик йўналишига ихтисослашган. Бугунги кунда бу ерда 2,5 минг бош қўй, 100 га яқин қорамол, 40 дан ортиқ от боқилмоқда. Беш хонадон вакиллари иш билан таъминланган. Келгусида фермер фаолиятини янада кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратишни режалаштирган.
Ўрганишлардан сўнг Ўзбекистон Республикаси “Ер кодекси”га асосан, адлия бўлимининг тақдимномаси билан фермер хўжалигига 2,5 минг гектардан ортиқ ер майдони қайтариб берилди. Фермер хўжалиги раҳбарига адлия ходимлари томонидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Абдували Бўриев, ЎзА