Адлия бўлими фуқаролар кўмакчиси
Бугунги кунда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда адлия идораларининг ўрни беқиёс. Айниқса, ҳудудий адлия бошқармалари ҳамда унинг шаҳар, туман бўлимлари томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, уларга ҳуқуқий кўмак бериш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Наманган вилоятининг Чуст тумани адлия бўлими томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 12 та ташкилотда олиб борилган ўрганиш давомида 524 та камчилик ва қонунбузилишга йўл қўйилганлиги аниқланди. Ушбу ҳолатлар юзасидан турли идора ва ташкилотларга 13 та тақдимнома киритилиб, мавжуд камчиликларга чек қўйилди.
– Идорамизга шу йилнинг ўтган ойлари давомида фуқаролардан 111 та ариза ва шикоят келиб тушди. Ушбу мурожаатларнинг 101 таси кўриб чиқилиб, шундан 50 таси қаноатлантирилган, 51 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилди, – дейди Чуст тумани адлия бўлими бошлиғи Азамат Жўраев.

– Мурожаатларни ўрганиш якуни бўйича турли идора ва ташкилотларга жами тўртта тақдимнома, тўртта айбдор шахсни маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан ваколатли органларга таклиф киритилиб, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари қайта тикланишига эришилди.
Қўлланилган таъсир чоралари натижасида тўрт нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, 20 та давлат органи ва ташкилотининг ҳужжатлари бекор қилинди.
Дарҳақиқат, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар негизида “Инсон қадри учун” тамойили барча соҳаларда ўз аксини топмоқда. Чуст тумани адлия бўлими томонидан тумандаги Абу Али Ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми ўқитувчиси Ф.А.нинг у билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчи томонидан бекор қилинганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.

Мурожаатчининг ҳуқуқи бузилганлиги аниқланиб, Фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судига даъво аризаси киритилди ва фуқарони бўшатиш тўғрисидаги буйруқ бекор қилиниб, уни ишга тиклашга эришилди. Шу билан бирга, ноқонуний бўшатилган кундан ишга тикланган кунига қадар мажбурий прогул ҳисоб-китоб қилиниб, фуқарога 16 миллион 500 минг сўм маънавий зарар ундириб берилди.
Чуст тумани адлия бўлими фаолиятида маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, солиқчи ва ижтимоий ходимдан иборат “маҳалла еттилиги” билан узвий мулоқот ва учрашувлар ташкил этиб борилмоқда.

Жумладан, Чустнон Дўстларобод маҳалласида ўтказилган мулоқотда, ҳудудни ижтимоий ривожлантириш, жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш, аҳолининг турмуш даражасини юксалтиришда “маҳалла еттилиги”нинг ўрни катта эканлиги таъкидланди.
Бугунги кунда, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш, айниқса, маҳаллалардаги ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлашда ҳудудий адлия органларининг роли ва иштироки муҳим аҳамият касб этади. Чуст тумани адлия бўлими бошлиғи томонидан “Раҳбар ва ёшлар” учрашувида оталиққа олинган ёшларнинг муаммоларига қулоқ тутилди. Очиқ ва самимий мулоқот давомида “Сен ҳуқуқингни биласанми”, “Ишсизлик ва аҳолини иш билан таъминлаш” каби мавзуларда тушунчалар берилди.

Халқ дардига қулоқ тутиш, уларни қийнаб келаётган масалаларни жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва тегишлилиги бўйича ҳал этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар ўзининг ижобий самарасини бериб, фуқароларнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилишга хизмат қилмоқда. Бундай жараёнларда Наманган вилояти адлия бошқармаси ҳамда унинг шаҳар, туман бўлимлари ходимлари томонидан ҳам одамларнинг мурожаатларини ўрганиш ва уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш йўлида тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Айниқса, янги иш бошлаш ҳаракатидаги ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Туман давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан аҳолига хизмат кўрсатиш асносида марказга келган фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда хизматлардан онлайн фойдаланишларига ҳам амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Ёш келин-куёвларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, ҳудудда ажримлар сонининг камайишига эришиш мақсадида хизматдан фойдаланиш учун келган фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар бериб борилмоқда.

Шунингдек, фуқароларнинг мурожаатлари тезкорлик билан ҳал этилишида ёзма шаклда тақдим этилган туғилганлик, никоҳ тузилганлиги ва бошқа турдаги гербли гувоҳномалар бугунга келиб электрон равишда тўлдирилиб, барча турдаги далолатнома ёзувлари “ФҲДЁ ягона электрон архиви” ахборот тизимига киритиб борилаётгани айни муддао бўлмоқда. Бир сўз билан айтганда, Чуст тумани адлия бўлими томонидан фуқароларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири