Адлия: барча мурожаатлар эътиборда
Адлия вазирлиги ҳамда унинг қуйи бўғинлари қонун ҳужжатларини бир хилда қўлланилишида, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилинишида ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини олиб боради.
Хусусан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида вилоят, туман, шаҳар адлия бўлимларида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Айни кунларда Фарғона вилоятида минглаб аҳоли вакилларининг мурожаатлари адлия бўлимларида тез ва осон ижобий ечим топмоқда.
Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи Исроил Назаров Қўқон шаҳар адлия бўлимига ариза билан мурожаат қилди. Унинг мурожаати қонуний тартибда кўриб чиқилди.
– Хонадонимиздаги сув ҳисоблагич ускунасини мутасадди ташкилотларнинг ўзлари ўрнатиб беришган, – дейди Исроил Назаров. – Маълум бир вақт ўтгач мутасаддилар ҳисоблагичнинг ишламаётганини айтишди ва менга жарима қўллашди. Кейин адлияга мурожаат қилдим. Барака топишсин, бузилган ҳуқуқларим тикланди.
Қўқон шаҳар адлия бўлимига жорий йил бошидан буён Исроил Назаровдек адолат излаган фуқаролардан 238 та мурожаат ва аризалар келиб тушган. Эътиборли жиҳати шундаки ана шу масалаларнинг 86 фоизи ижобий ечим топган. Данғара туманида истиқомат қилувчи Сайёра Нишонова мактабда ёшлар етакчиси бўлиб ишлаган. Иш ўринларининг қисқариши сабаб у ишсиз қолди. Бироқ қонуний тартибга кўра олий маълумотли педагог бўлган бу ходимга мактаб маъмурияти иш бериши керак эди. Бироқ ундай бўлмади. Сайёра адолат истаб касбдошларининг маслаҳати билан Данғара тумани адлия бўлимига мурожаат қилди.
– Мактабимизда 13 нафар ўрта махсус маълумотли педагог ходимлар ишлайди, – дейди Сайёра Нишонова. – Менинг иш ўрним қисқариб кетса ҳам мавжуд қонунчиликка асосан олий маълумотли педагог бўлганлигим боис менга дарс соатлари ҳам олиб берилиши керак эди. Лекин ундай бўлмади. Кейин ҳуқуқшунос дўстларимнинг маслаҳати билан туман адлия бўлимига мурожаат қилдим. Ҳозирда ўзим ишлаган мактабда ўқувчиларга дарс беряпман. Ҳуқуқларим тикланганидан хурсандман.
Фарғона вилояти адлия бўлимларига жорий йил бошидан буён 4 минг 680 та мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 3 минг 642 таси қаноатлантирилган. 769 мурожаатчига ҳуқуқий тушунтириш берилган. Келиб тушган мурожаатларнинг 2 минг 355 таси шахсий қабулларда ва 1 минг 446 таси жойлардаги сайёр қабуллар жараёнида йўлланган.
М. Сулаймонов, ЎзА