Адлия аралашуви билан ўқитувчиларга устама пуллари тўлаб берилди
Давлатимиз раҳбарининг “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ўқитувчиларни рағбатлантиришга оид чоралар белгиланган.
Қарор ва ижро
Жумладан, таълим муассасалари ўқитувчиларидан халқаро олимпиадалар ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 150 фоиз ҳамда асосий олимпиадалар республика босқичи ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 100 фоизлик устама ҳақлари тўланиши керак.
Адлия вазирлиги хабарига кўра, қарор ижроси бўйича Фарғона вилояти адлия бошқармаси томонидан туман, шаҳар халқ таълими бўлимлари фаолиятида ўрганиш ўтказилган. Шунда вилоят бўйича олимпиада ғолиби бўлган Учкўприк ва Сўх туманларидаги мактабларда ишловчи 7 нафар ўқитувчига устамалар тўланмагани аниқланган.
Вилоят адлия бошқармаси томонидан ўтказилган ўрганиш якуни бўйича вилоят халқ таълими бошқармасига киритилган тақдимнома муҳокама қилинди.
Унга кўра, Сўх ва Учкўприк туман халқ таълими бўлими мудирларига жорий йилнинг 5 октябрь кунига қадар устама ва мукофот пулларини тўлаб берилиши юклатилган бўлса-да, амалда ушбу ўқитувчиларга 164 миллион 303 минг сўм устама пуллари тўланмаган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Риштон ва Қўқон туманлараро судига суд буйруғи тартибида 164 миллион 303 минг сўмни ундириш юзасидан аризалар киритилган. Ҳозирда 5 та ариза юзасидан 121 миллион 855 минг сўмни ундириш юзасидан суд буйруқлари чиқарилди. Қолган устама суммаларини ундириш ҳақидаги аризалар фуқаролик судида кўриб чиқилмоқда.
Бундан ташқари, Фарғона вилояти адлия бошқармасининг Сўх ва Учкўприк туман халқ таълими бўлими мудирларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 1-қисми маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатиш юзасидан вилоят бандлик бош бошқармасига киритилган маъмурий таклифларга асосан Сўх тумани халқ таълими бўлими мудири А.Темиров ва Учкўприк туман халқ таълими бўлими мудири Д.Аюповаларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баробаридан маъмурий жарима тайинлаш юзасидан қарор қабул қилинди.
Муаттар Бурҳонова, ЎзА