Адиб, таржимон, радиожурналист
Сўз санъати, кинематография, дубляж, радиожурналистика ва таржимонлик соҳаси мухлислари таниқли ёзувчи ва ижодкор Олим Отахон ижодини алоҳида қадрлайди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Дўстлик” ордени соҳиби, устоз ижодкор Олим Отахон таваллудининг 75 йиллигига бағишланган адабий анжуман ўтказилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо ва бошқалар Олим Отахон таржима санъати, сўзнинг масъулияти, машаққатини теран ҳис этган ижодкор бўлганини эътироф этди.
–Ёзувчи ёки шоир ўз қалби соғинган мавзуни ёзса, таржимон ҳам қалбидаги оғриқларга, умидларга ҳамоҳанг бўлган асарларни таржима қилишга қўл уради, – деди Минҳожиддин Мирзо. – Олим Отахонда ҳам шундай эди. Миллатнинг бадиий, поэтик тафаккурини шакллантиришда ёзувчи ва шоирларнинг ўрни беқиёс. Олим Отахон шу жиҳатларни теран ҳис этиб ижодга ёндашар эди.

–Олим Отахон миллий адабиётимизнинг ҳақиқий жонкуяри, фидойиси эди, – деди филология фанлари доктори, адабиётшунос олим Сувон Мели. – Адабиётда Олим Отахондек талабни, даражани баланд қўйган ижодкорни учратмаганман. Аслида адабиётнинг ёнига борган одам ундан кетолмайди. Адабиётнинг жангчисига айланади. Олим Отахон ана шундай ижодкор эди. У сўз санъатида янги тасвир йўлларини очган ижодкор. У радиожурналистика, таржимонлик, адабиёт ривожига улкан ҳисса қўшди. Олим Отахон журъати ва жасорати ҳақида гапириш оддий нарса эмас.

Устоз журналист ва адиб Хуршид Дўстмуҳаммаднинг фикрича, Олим Отахон муҳаббат билан ёзарди. Айни пайтда у яхши шоир ҳам эди. Кўнгли жуда нозик ижодкор адабиётга катта масъулият билан ёндашар эди.
Анжуманда эътироф этилганидек, Олим Отахон ўтган асрнинг 70-йиллари ўрталарида адабиёт майдонида, ўзбек насри йўналишида янги овоз, янги талқин билан кириб келди. Истиқлолнинг дастлабки йилларида ва кейинги ўн йил давомида матбуотда эълон қилинган “Чаноқ”, “Уларни тарбиялаган тун”, “Одамлар излаётган Мустафо”, “Озод қушлар ҳақида қисса” каби насрий асарлари ўзбек адабиётида янги тўлқинни бошлаб берди.

Ёзувчининг “Болалик кабутарлари”, “Оқшом хаёллари”, “Озод қушлар ҳақида қисса”, “Адоқсиз кўчалар” асарлари, “Сайланма” китобига жамланган ижод намуналари адабиёт оламида кўплаб ижодкорларга руҳ берган, баҳс-мунозараларга сабаб бўлган асарлар сирасига киради.
Олим Отахон истеъдодли адиб бўлиши билан бирга, жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига таржима қилиб, адабиётимизни бойитишга муносиб ҳисса қўшган ижодкор эди. Ижодкор Фёдор Достоевскийнинг “Маъсума”, “Ғаройиб олам”, Жек Лондоннинг “Оқ сўйлоқ”, Хулио Кортасарнинг “Ўйиннинг тугаши”, “Биз Глендани шундай севамиз”, Ясунари Кавабатанинг “Оқ гуллар” каби асарларини она тилимизга таржима қилган.
Адабий анжуманда Олим Отахон ижоди, унинг фаолияти, адиб билан боғлиқ хотиралар ҳақида атрофлича фикр юритилди.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири