Адашганларга яна бир имконият
Фуқаролар ҳамда тадбиркорларнинг муаммоларини ўрганиш ва уларни ижобий ҳал этиш мақсадида суд раислари томонидан жойларда аҳоли билан сайёр қабуллар ўтказилмоқда.
Навбатдаги қабул Навоий шаҳрининг “Жанубий” маҳалла фуқарорлар йиғинида бўлиб ўтди.
Навоий вилоят суди раиси Ҳамидулла Қудратов ва Навоий вилоят маъмурий суди раиси Акмал Муродов томонидан ҳудуд аҳолиси билан ўтказилган юзма-юз мулоқотда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларини қийнаб келаётган муаммолари тегишли тартибда ўз ечимини топди.
Сайёр қабулда суд раислари томонидан 16 нафар фуқаро мурожаатлари қабул қилинди. Жумладан, мол-мулк низоси юзасидан қилинган мурожаатлар фуқаролик судида кўриб чиқиш учун, ҳоким қароридан норози бўлиб ҳамда пенсияга чиқишида амалий ёрдам сўраб қилинган мурожаатлар маъмурий судда тегишли тартибда кўриб чиқиш учун қабул қилинди.
Шунингдек, тайинланган жазодан ўзига тўғри хулоса чиқарган, жазони ўташ даврида бирор марта ножўя хатти-ҳаракатлар содир қилмаган, суд томонидан тайинланган жазони учдан бир қисмидан кўпроғини ўтаган 7 нафар фуқаронинг ўталмаган жазосидан муддатидан илгари шартли озод қилиш тўғрисидаги илтимосномалари кўриб чиқилди.
Жиноят содир этган, бироқ қилмишининг салбий оқибатларини англаган, ахлоқан тузалиш йўлига ўтган бу фуқаролар жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиниб, уларга жамиятда ўз ўрнини топишлари, оила аъзолари, фарзандлари ҳамда юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши учун имкон берилди.
Шунингдек, 1994 йилдан буён тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган фуқаро М.Сатарова охирги тўрт йил ичида бузилган ҳуқуқларини тиклаб бериш борасида судларга қилган мурожаати ижобий ҳал этилиб, қонуний ҳуқуқлари тиклаб берилганлигини таъкидлаб, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан миннатдор эканлигини билдирди.
Азиза Рўзиева,
Навоий вилоят суди
жамоатчилик ва ОАВлар билан алоқалар бўлими
бош консультанти