Адабиёт, журналистикада ўз сўзига эга ижодкор
Таниқли журналист Аҳмаджон Мелибоев ёшлардан ёрдамини аямайдиган, уларга ҳамиша тўғри йўналиш берадиган, ўзининг қатъий позицияси, принцип ва қарашларига эга бўлган фидойи ижодкорлардан саналади.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида устоз ижодкор таваллудининг 80 йиллигига бағишланган адабий анжуман ўтказилди.
Анжуманга турли вазирлик ва идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотларининг вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, журналистлар таклиф этилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, адабиётшунос олим, филология фанлари доктори Қозоқбой Йўлдошев, “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталари бош муҳаррири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Ҳусан Эрматов, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Шуҳрат Ориф, адабиётшунос олим Абдулла Аъзам ва бошқалар Аҳмаджон Мелибоевнинг миллий маънавият, маърифат, адабиёт, матбуот ривожи йўлидаги заҳматли ва беминнат меҳнатлари хусусида батафсил тўхталди.
[gallery-28355]
– Аҳмаджон ака ҳамиша яхши ижодий ғояларга ташаббускор бўлиб, ижодкорларга йўл-йўриқ кўрсатишда қўлидан келганича ёрдамини аямайдиган инсон, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид. – 90-йиллар бошларида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг жуда катта тиражда чиқишида, унда жамият ҳаётининг энг долзарб ва оғриқли масалалари кўтарилган публицистик материаллар, шеърият намуналарининг чоп этилишида Аҳмаджон аканинг ҳиссалари беқиёс. Ҳақиқий ижодий интизомни Аҳмаджон акадан ўрганиш мумкин. Биз университетда ўқиб юрган кезларимизда Аҳмаджон Мелибоевнинг чинакам дорилфунунини ўтганмиз. Бундай ёруғ кунларни кўриш кўплаб устозларимизнинг орзуси бўлган. Жаҳолатга қарши маърифат билан курашишда Аҳмаджон аканинг асарлари жуда улкан маънавий қўрғондир.
– Аҳмаджон Мелибоев публицист, таржимон, шоир, Ёзувчилар уюшмаси публицистика кенгашининг раиси сифатида серқирра фаолият олиб бораётган шахс, – деди адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошев. – Ўзбекистон Миллий университетининг энг таъсирли, талабалар яхши кўрадиган устозларидан саналади. Аҳмаджон ака адабиётда сўзи бор одам сифатида ўз фикрларини баён этади.
Аҳмаджон Мелибоевнинг “Бир заминда яшаймиз”, “Умидли дунё”, “Ёлғиз яшаб бўлмайди”, “Ҳуштакни ким чалади?”, “Умр – учар юлдуз”, “Торнинг чўмичдан фарқи”, “Сувора соғинчи”, “Қирқ бешинчи бекат”, “Қабоҳат тўри”, “Ризқ дарахти”, “Ўзингни ўзинг бошла” номли публицистик тўпламлари, “Ўнғор эртаклари”, “Сафед Булоқ ҳикоялари” номли насрий асарлари, ёш журналистлар учун 6 та ўқув қўлланмаси эълон қилинган.
Аҳмаджон Мелибоев миллий журналистикамизга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Унинг 2004 йили “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси таҳририятида ташкил этилган “Маҳорат мактаби” бугун ўз фаолиятини Ўзбекистон Миллий университетида давом эттирмоқда. Шу йиллар ичида ушбу мактабда кўплаб журналистлар таҳсил олди. Тажрибали устоз сифатида Аҳмаджон ака ўзи раҳбарлик қилаётган “Маҳорат мактаби”да иқтидорли талабалар ва ёш ўқитувчиларга маҳорат сирларини ўргатмоқда.
Шу кунгача миллий матбуотимизда Аҳмаджон аканинг долзарб мавзудаги мингга яқин мақоласи эълон қилинган. Деярли ҳар ҳафтада устоз журналистнинг миллий маънавиятимизга оид янги мақоласини миллий матбуот саҳифалари орқали ўқиш мумкин.
Аҳмаджон Мелибоев 2018 йилда олий ўқув юртлари ўқитувчилари ўртасида ўтказилган “Энг яхши педагог” республика танловида, 2019 йилда “Олтин қалам” миллий танловида ғолиб бўлган.
Ўзбекистон Миллий университетида ташкил этилган “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” доимий экспозициясининг раҳбари. Чингиз Айтматов номидаги халқаро илмий академия аъзоси. Кейинги икки йил ичида Қирғизистон ва Беларусь давлат университетларида оммавий ахборот воситалари фаолиятига оид илмий маърузалар қилган. Унинг “Чингиз Айтматов: Давр. Инсон. Ҳақиқат” монографияси чоп этилган. 2020 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Адиб ва жамият” рукнида унинг “Тождор ажал ҳамласи ёхуд дунёни ларзага солган 40 кун” номли салмоқли публицистик китоби чоп этилди.
Тадбирда устознинг фаолияти, инсоний фазилатлари, касбига, шогирдларига жонкуярлиги ҳақида сўз юритилди. Устоз ижодкорга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг эсдалик совғалари топширилди.
Назокат Усмонова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА мухбирлари