Адабиёт вақтни енгади
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Наср кенгашининг ҳисобот йиғилиши ўтказилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Наср кенгашининг ҳисобот йиғилиши ўтказилди.
Кенгаши раиси Исажон Султон ахборот берди.
Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан “Беш ташаббус – беш китоб“ танлови ўтказилиб, танлаб олинган асарлар китоб ҳолида чоп этилди. “Менинг биринчи китобим“ рукнида 21 ёш ижодкорнинг китоблари ўқувчилар қўлига етиб борди. Даврий матбуотда ва алоҳида китоб ҳолида бир қанча йирик насрий асарлар эълон қилинди. Мамадали Маҳмудовнинг “Ойнур“, Нортўхта Қиличнинг “Туҳмат“, Қурбон Муҳаммадризонинг “Беруний“, Абдужалил Раҳимовнинг “Абу Али ибн Сино“ ҳамда Исажон Султоннинг “Билга хоқон“ асарлари шулар жумласидан.
2019 йил ўзбек адабиётида қиссачилик жанрида ҳам сермаҳсул бўлди.
– 2019 йилда “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” ва “Жаҳон адабиёти” журналларида еттита қисса чоп этилди, – деди Андижон давлат университети докторанти, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Машҳура Шералиева. – “Шарқ юлдузи” қиссаларни чоп этишда пешқадамлик қилди. Саъдулла Сиёевнинг “Дашти қипчоқ лочини ёхуд Муҳаммад Шайбонийхон қиссаси“, Сойим Исҳоқнинг “Она йўлбарс ҳамласи“, Нурали Қобулнинг “Қулон қудуққа қуласа“ ҳамда Убайдулло Йўлдошевнинг “Биринчи муҳаббат“ қиссасини ўқувчилар севиб ўқиганига ишончимиз комил. Эътиборли яна бир жиҳат шундаки, ўтган йили журналларда чоп этилган қиссалар муаллифларининг энг ёши эллик иккида экан. Йилда ўн икки марта чиқадиган “Ёшлик” журналида бор-йўғи иккита қисса чоп этилган, улардан бирининг муаллифи Жамила Эргашева, иккинчиси Шодиқул Ҳамро. Ўттиз ёшлилар, қирқ ёшлилар орасида анча-мунча яхшигина ҳикоялар ёзаётганлар борлигини биламиз. Лекин уларнинг қиссалари қани?
2019 йил матбуотимизда Эркин Аъзам, Нормурод Норқобилов, Муҳаммад Рауфхон, Назар Эшонқул, Улуғбек Ҳамдам, Исажон Султон, Қўчқор Норқобил, Собир Ўнар, Абдуқаюм Йўлдошев, Зулфия Қуролбой қизи, Жўра Фозил, Неъмат Арслонов, Баҳодир Қобул сингари тажрибали ижодкорлар билан бирга, ўзбек ҳикоячилигининг ривожи учун хизмат қилишга бел боғлаган ёш иқтидорларимиз ҳам самарали ижод қилди.
Адибларимизнинг изланишлари туфайли замонавий жаҳон адабиётидаги янгича тамойилларга туташ, айни пайтда миллий қадриятларимиз заминида шаклланган бетакрор ҳикоялар матбуотимиз, адабиётимиз саҳифаларини тўлдирди. Бир йил мобайнида 100 дан ортиқ ҳикоялар даврий матбуотимизнинг турли нашрларида, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда эълон қилинди.
Ҳисоботда айтилишича Наср кенгашида 14 роман, 13 қисса ва 10 дан ортиқ ҳикоя ва бадиалар тўпламлари муҳокама қилиниб, уларга фикр ва мулоҳазалар билдирилган.
Наср кенгаши аъзолари 2019 йил 3-5 июль кунлари Ёш ижодкорлар Зомин семинарида иштирок этиб, ёш адабиётшуносларнинг ишлари билан танишди ва уларга маҳорат дарслари ўтди. Уюшмада ўтказилган турли китоб тақдимотлари ва анжуманларда ўз фикр-мулоҳазалари билан фаол иштирок этди. Шунингдек, кенгаш аъзолари мамлакатимизнинг турли ташкилот ва муассасаларида бўлиб ўтган маънавий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этиб, республика матбуотида ва телеканалларда маданий-маърифий чиқишлар қилди.
Наср кенгашининг 2020 йилдаги режалари муҳокама қилинди.