Адабий ҳамкорлик янада ривожланади
Пойтахтимизда “Ватандошлар” жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ўртасида меморандум имзолашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, “Ватандош” жамоат фонди бошқаруви раиси Одил Сатторов икки ташкилот ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳурмат асосида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш муҳим эканини эътироф этдилар.
Тадбирда таъкидланганидек, ўзбек халқининг тарихий, маданий, адабий соҳадаги, шунингдек, глобаллашув ва жуғрофий маконнинг кенгайишидек замонавий шароитларда ўзлигини сақлаб қолиш, ривожлантириш ва мустаҳкамлашга интилиши доим кучли бўлган.

Бугунги кунда хорижий мамлакатларда истиқомат қилаётган ватандошларимизнинг Ўзбекистон билан алоқаларини сақлаш ва ривожлантириш долзарбдир. Адабиёт соҳасидаги алоқалар турли мамлакатларда истиқомат қилаётган ватандошларни маънан бирлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Айтиш керакки, “Ватандош” жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вакиллари ўтган йил давомида буюк шоир ва мутафаккирларимиз ижодига бағишланган хориждаги бир қатор тадбир ва анжуманларда фаол иштирок этдилар. Жумладан, Тожикистоннинг Сўғд вилояти маркази Хўжанд шаҳрида «Aлишер Навоий мероси – беқиёс маънавий хазина» номли адабий-маданий кеча бўлиб ўтди. Aлишер Навоий таваллуди санасига бағишланган мазкур кеча Ўзбекистоннинг “Ватандошлар” жамоат фонди ташаббуси билан Ўзбекистон Республикасининг Тожикистондаги элчихонаси ҳамкорлигида ўтказилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан профессор Баҳодир Карим, юртимизнинг таниқли ижодкорлар Шодмонқул Салом, Фозил Жабборов иштирок этди.
Ўзбекистоннинг “Ватандошлар” жамоат фонди ташаббуси билан Қозоғистон Республикаси Чимкент шаҳридаги ватандошлар иштирокида буюк мутафаккирлар “Aлишер Навоий ва Aбай – дўстлик куйчилари” мавзусида адабий кеча бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Салим Aшуров, Турсунали Aҳмедов қатнашди.

“Хориждаги ватандошларга мўлжалланган ўзбек тили онлайн ўқув платформаси” тақдимотига Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Aфғонистондан ташриф буюрган делегация аъзолари иштирокида “Aдиблар хиёбони”даги Aлишер Навоий пойига гул қўйиш маросими ҳамда мушоира кечаси ўтказилди.
Ўтган йилнинг 22-24 май кунлари “Ватандошлар” жамоат фонди ташаббуси ва Ўзбекистон Республикасининг Тожикистон Республикасидаги элчихонаси ҳамкорлигида Душанбе шаҳрида таниқли ёзувчи ва шоирлар иштирокида адабий-маданий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир доирасида Тожикистонда яшаб, ўзбек тилида ижод қилган таниқли ғазалнавис шоир, дўстлик куйчиси Ўлмас Жамол таваллудининг 90 йиллиги кенг нишонланди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда “Ватандошлар” жамоат фонди томонидан элчихона музейи ва Душанбе шаҳридаги 103-сонли ўзбек мактаби учун китоблар ва эсдалик совғалари туҳфа этилди.

Бохтар шаҳридаги Aто Муҳаммеджон номидаги театрда ҳам Ўлмас Жамол таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан тадбир бўлиб ўтди, шунингдек, ўзбек тилини ўрганаётган 20 та таълим муассасасига кўплаб бадиий китоблар топширилди.
Меморандум адабиёт, китобхонлик ва миллий қадриятларни кенг тарғиб қилиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга, ўз тасарруфидаги муассасалар ўртасида бевосита ҳамкорлик ва тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш ва мустаҳкамлашга, манфаатдор ташкилотлар ўртасида тажриба алмашишга қаратилгани билан аҳамиятли.
Томонлар хорижда истиқомат қилаётган ижодкор ватандошларимиз ижод намуналарини, улар ва бошқа атоқли ижодкорлар томонидан ўзбек тилига таржима қилинган чет эл адабиёти намуналарини, ўзбек шоир ва ёзувчиларининг хорижий тилга ўгирилган асарларини икки томонлама дастурлар ҳамда лойиҳалар асосида нашр этиш масалаларида ҳамкорлик қиладилар.

Нашр этилган китоблар тақдимотини хорижда ҳамда Ўзбекистонда биргаликда ўтказишади. Ижодий жамоалар, нашриётлар, газета ва журналлар ходимлари ҳамда муайян адибларнинг бирон бир асар яратилиши жараёнида керакли материалларни тўплаш мақсадида уюштириладиган ижодий сафарларининг амалга оширилишига кўмаклашади.
Турли мамлакатларда Ўзбекистон Республикаси билан бир вақтда нишонланиладиган умумхалқ байрамларининг ўтказилишида шоир ва ёзувчиларни сафардар қилиш, элчихоналар, маданий марказлар билан боғланиш ва атоқли ёзувчи ва шоирлар таваллудининг юбилей саналарини кенгроқ нишонлаш, тарғиб этишда ҳамкорлик қилинади.
Шу билан бирга, хориждаги ватандошлар учун ўзбек тилидаги энг сара адабиётларни шарҳловчи видеоматерилларни мунтазам тайёрлаб боради.
Томонлар кутубхона ишида китоблар, нашрлар, каталоглар ва бошқа ахборот материаллар алмашиш орқали ҳамкорлик қилади.
Назокат Усмонова, Аҳмаджон Эргашев (сурат), ЎзА