“Адаб ва тавозуъ аҳлига таъзим...”
Алишер Навоий
Алишер Навоий ҳазратлари “Муҳокамат ул-луғатайн”да “...сўз дурредурким, анинг дарёси кўнгулдур ва кўнгул мазҳаредурким, жамеъи маонийи жузв ва кулдур. Андоқки, дарёдин гавҳар ғаввос воситаси била жилва намойиш қилур ва анинг қиймати жавҳариға кўра зоҳир бўлур” деб қайд этган. Ушбу тафаккур тўла бебаҳо, пурҳикмат бу ўгитнинг асрлар оша нидоси вужудим қатида кўпдан бери изҳорга мўҳтож бўлиб, кўнгил тўрида тугунмисол қатланиб келаверарди. Ҳазрат Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб”ида “Фараҳлар мифтоҳидур ва бандлар фаттоҳидур” дейилган шиорга таваккал қилиб ва матлабнинг мустажоб бўлишини маърифат аҳли кўпдан сабрла кутарди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган мажлисида сўзлаган нутқи тарихий воқеликнинг амалий исботи инсоний қадриятга юз тутиши, воқеликка айланиши ва барча тугун-қулфларни ечимида муҳим восита бўлиши шубҳасиз.
Навоий ҳазратлари “...дарёдин гавҳар ғаввос воситаси била жилва намойиш қилур” деб таърифлаганидек, Президентимиз шижоатли ислоҳотчи сифатида Ватанимиз кўрки-жамоли, мамлакатимиз чиройи ва унинг бебаҳо гавҳари саналмиш бетакрор тарихий маърифати, илму ирфони ривожига ғаввосдек сайқал, жило-чирой, ҳусн бериши, Ватаннинг бой тарихи, буюк келажаги ва иқтисодий истиқболини оламга намойиш этишдаги буюк хизматлари истиқлол зарварағининг ўчмас зарҳал саҳифасида битилган тарихдан гувоҳлик беради, муболағасиз.
Айниқса, шуни чин дилдан ва комил ишонч билан бот-бот таъкидлаш лозимки, юқори минбардан туриб исботи, натижаси амалда ўз тасдиғини топган, рақамлар асосида ҳақиқий таҳлил ва тавсифга тортилган, муфассал тақдимот мазмуни барча маърифат, маънавият аҳлининг қалбидаги гаплар бўлди. Узоқ йиллар давомида ечимига кўз тикиб, ижросига илҳақ бўлиб, орзу-умидларининг ҳосил бўлишини кутиб турган таълим, маданият, санъат соҳаси ходимлари руҳига чинакам илҳом, дилига қувонч, жисмига ҳарорат бағишлади, барқарорлик ато этди.
Президентимиз олиб бораётган сиёсат ва ислоҳотларнинг муваффақияти жаҳон ҳамжамиятининг юксак минбарларида эътироф этилиши, тан олиниши ва шижоатли реформатор сифатида баҳоланиши юрт раҳбари танланган йўлнинг нақадар тўғри, халқчил, демократик тамойиллар асосида таркиб топганини далиллайди. Шунингдек, тақдимот туйғуларимизни уйғотиб, қалбимизни қувончу шуурга тўлдириб, тафаккур оламига етакловчи дастурга айланди. Воқеликни ёритган, рақамларга асосланган ва келажак ифодаси белгиланган бу тарихий ҳужжат баёнини ўқиш давомида кўнгилда ўтган айрим мулоҳазаларни изҳор қилиш учун дил амрига қулоқ тутиш лозим деган фикрдаман.
Мана унинг бирламчи чизмаси. Барчангизга аён, Президент ушбу кенгаш раиси ҳисобланади. Ҳудудларда эса биринчи раҳбарлар бу масала учун масъул этиб белгиланган. Нима учун шундай йўл тутдик? Чунки илм-фан, таълим ва тарбия, маънавият биз учун устувор масаладир.
“Албатта, Янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш учун аввало, унинг мустаҳкам иқтисодий, моддий-техник асосларини яратиш керак. Бугун бу йўлда халқимиз билан биргаликда амалга ошираётган ишларимизда барчангиз фаол иштирок этмоқдасиз”. Бу кириш, мурожаат том маънода халқимизга қарата йўлланган чақириқ, шиор.
Нима учун шундай йўл тутдик? Саволга мантиқан ёндашадиган бўлсак, бу гап бўлагининг маъноси ўта кўп қиррали у: бурч, бурчлилик, дахлдорлик, масъуллик, ҳамкорлик, яъни бир шахснинг кўрсатмасига қараб турмаслик, барча катта-кичикка баробар ижтимоий вазифадошлик, пировард масъуллик. Иккинчи маъно: таҳлилий хулоса чиқариш, тегишли қарорга келиш, биринчи раҳбар масъуллигида деган тушунча ҳам мавжуд.
Мажлисда иштирок этувчилар айни шу соҳа раҳбарлари, вакиллари, масъуллари. Соҳанинг қадр топиши уларнинг касбий маҳоратига боғлиқ ва қадимдан уларнинг зиммасида бўлган бу вазифа. Чунки илм-фан, таълим ва тарбия, маънавият биз учун устувор масаладир, деб қайд қилинган бу бутунликда мантиқ илм-фан, таълим ва тарбия, маънавият сўзларига қаратилган бўлиб, уларни таҳлил, ифода, ечим, тавсиялар, кўрсатмалар каби қисмларга бўлиш мумкин.
“Биз учун устувор масаладир” дейилган бирикмада аниқ ишлаб чиқилган ва бажарилиши шарт бўлган муаммо, вазифани ҳал этиш тушунилади. Яъни, бу тўрт долзарб масала ривожи мамлакатнинг ҳуснини, тароватини, шамойилини дунёга намоён этадиган энг бирламчи унсур ҳисобланади.
Нутқда илм-фан, таълим-тарбия, маърифатнинг юқори даражага кўтарилишини таъминловчи ягона манба иқтисодий барқарорлик, иқтисодий ривожланиш, тараққиёт экани таъкидланади.
Маърузанинг аввалидан то охирги бандигача кун тартиби муҳокамасига киритилган масалаларнинг моҳияти рақамлар асосида батафсил бирма-бир таҳлил қилинган. Ниҳоятда ҳаяжонли, ўта таъсирчан воқелик, янгиланиш, туб ўзгариш, ютуқ, саноқларнинг адади йўқ бу тақдимотда...
Бефарқлигимдан юрагим уюшади, ўзимдан ранжийман, изтироб чекаман, сўнг хаёлимдан шулар ўтади: маъруза матнини ўқимаган кишининг ҳам тили, ҳам дили куяди, дейман пичирлаб. Бошимни кўтармай ҳижжалаб ўқийман. Қайта-қайта яна бошдан бошлайман, фахрдан кўзларим намланиб кетади, таним титрайди. Яна ўқийман. Ҳаётда оқсоқланиб қолибман-а, дейман, нега? Сени шу муқаддас Ватан тарбияладику, дейман. Нега омонлик кунлардан нолийсан, нега? Нега унинг қадрига етмайсан? Нега шунча амалга оширилган ютуқлардан огоҳ эмассан, кўз юмасан? ФАХРЛАНМАЙСАН? Аслида бефарқмиз, вақтларни кўча-кўйда, беҳуда ўтказамиз. Вақт қадрига етмаймиз. Кир қидирамиз.Қаердан юқди бу иллат, бепарволик, дейман.
Маърузада қайд этилганидек, бу йил ижтимоий соҳага энг кўп — 134 триллион сўм маблағ ажратилди. Бу 2016 йилга солиштирганда 5,6 баробар зиёд демакдир. Янги таҳрирдаги Конституциямизда белгиланган “Ўзбекистон — ижтимоий давлат” деган қоиданинг амалий ҳаётимиздаги тасдиғини биргина ана шу мисолда ҳам яққол кўриш мумкин. Ҳақиқатан ҳам бу эътибор, эътироф қилинадиган ҳақиқат. Иккинчидан қомусда “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деб белгиланиши барча ўзбекистонликларнинг ирқи, миллатидан қатъи назар тенг ҳуқуққа эга экани ва ижтимоий ҳаётда давлат томонидан муҳофаза қилиниши шарти таърифланади.
Бу йил “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини қабул қилдик. Бу муҳим ҳужжатда ўз олдимизга аниқ мақсадлар қўйиб, маррани баланд олдик. Ушбу стратегияга мувофиқ, 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2 баробар ошириб, 160 миллиард долларга, аҳоли жон бошига даромад миқдорини эса ўртача 4 минг долларга етказиш режа қилинган. Бу ниятнинг тубида эзгулик мужассам.
Қайта-қайта таъкидлаш лозимки, юртбошимиз таҳлилга тортган ҳар бир масала қадр-қиммати жиҳатидан ўта долзарб. Ундаги ҳар бир фасл, банд аслида илмий-назарий нуқтаи назардан фундаментал асосга эга ва барчамиз учун кун тартибига киритилган ва доимий равишда амалга оширилиши лозим бўлган вазифа деб қабул қилиниши даркор.
Президентимиз томонидан тақдимотда келтирилган ва амалга оширилган, оширилиши лозим бўлган вазифалар, тадбирлар номма-ном алоҳида таҳлил ва тавсифга тортилади, тегишли хулосалар чиқарилади. Тақдимот барчанинг кунлик, ойлик, йиллик, домий равишда меҳнат фаолияти учун дастуруламал, айни фурсатда кундалик иш дастури ҳисобланади.
Президентимиз кейинги пайтда мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш бўйича катта ишлар амалга оширилаётганини қайд этди. Ана шу ишларни давом эттирган ҳолда умумтаълим мактабларида ўзбек тилини ўқитиш самарасини ошириш масаласига бундан буён ҳам алоҳида эътибор қаратилиши, халқаро сертификатга эга бўлган бошқа фан ўқитувчиларидан кам бўлмаган миқдорда қўшимча ҳақ билан таъминланиши кераклигига урғу берилди. Шу мақсадда миллий сертификатга эга бўлган ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиларига келгуси ўқув йилидан бошлаб, 50 фоиз устама тўланади. Бу мақсадлар учун 2024 йилда қўшимча 10 миллиард сўм, 2025 йилда эса 30 миллиард сўм ажратилади.
Ўзбек тили нуфузи ва мақомини янада ошириш йўлида белгиланган кўрсатмалар, қўшимча моддий манфаатдорлик, рақобат педагог- ўқитувчиларни ҳаракатга келтиради, сергак қилади, рақобатни кучайтиради. Натижада таълим тизимига янгича ижобий руҳ кириб келади.
Президентимизнинг бизга ҳавола қилган тақдимотини ҳар бир соҳа ходими ўқиб, уқиб туб маъносини ўз жисми ва руҳига сингдириши шарт.
Мирзо Абдулқодир Бедил бир ғазалида:
Бу водийда сўроғимни мен кимдан сўрай,
Мен бир тимсолману ойина тордир, дейди.
Бу ўз-ўзини англаш, сўроқлаш, имтиҳон қилиш демакдир. Президентимиз маърузасида “мамлакатимиз янги тараққиёт даврига қадам қўйган бугунги кунда халқимиз, айниқса, фарзандларимиз онгида Ватанга муҳаббат, юртимиз келажагига дахлдорлик, тинч, эркин ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш туйғусини кучайтиришда сиз, маданият аҳлининг ўрнингиз ва таъсирингиз беқиёсдир. Сизлар ўз юксак истеъдод ва маҳоратингиз, ижтимоий ҳаётимиздаги фаол иштирокингиз билан янгиУйғониш даврини барпо этишга албатта муносиб ҳисса қўшасизлар, деб ишонаман” деб таъкидлади.
Президент даъвати ва чақириғига очиқ кўнгил билан “лаббай” деб ҳозир туришимиз ва уни фуқаролик бурчи деб ҳисоблаб, мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ижобий ишларни қўллаб-қувватлаб, унинг иштирокчиси бўлиш ҳисси билан яшамоғимиз даркор.
Ҳар бир касб соҳибининг кўнглида ушалмаган орзулари бўлади. Жумладан, менда ҳам. Биз миллий тарбия деймиз, аммо унинг мустаҳкам илдизларидан унумли фойдалана олмаймиз. Шарқ мумтоз адабиёти тарихида дидактик асарларнинг ўрни жуда салмоқли. Форс-тожик адабиётида Саъдий, Аттор, Ансорий, Убайд Законий, Мавлоно Румий, Султон Валад, туркий адабиётда Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Сайфи Сароий, Хоразмий, Лутфий, Алишер Навоий, Огаҳий ва яна бир неча шоир, адибларнинг номини келтириш мумкин. Мумтоз ўзбек адабиётида Алишер Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб”идек етук, дидактик асар мавжуд эмас ва шоир сиймоларидек покиза образ ҳам йўқ. Менинг фикримча, барча умумтаълим мактабларида ва олий таълимнинг йўналишларида бу асар махсус курс сифатида ўқув режасига киритилса, ўқитилса, таҳлил этилса, бизнингча, тарбиянинг миллий воситаларидан ўрнак олган бўлардилар.
Яна бир ўқиш ва ёдда сақлаш жоиз бўлган “Муҳокамат ул-луғатайн” асаридир. Миллий тилнинг равнақига бевосита дахлдор бу ёдгорлик ва мазмунидан барча таълим олувчиларни огоҳ бўлиши ва сабоқ олиши лозим. Шу ўринда мен Навоий ҳазратларининг тилларидан Ватанимиз Ўзбекистонни ушбу сўзлар билан алқаган бўлардим.
Ки то бўлғай жаҳон боғи бу гулшан мевадор ўлсин, Ҳаримида бу булбулларға бу гулбон бор бўлсин.
Исҳоқхон НОСИРОВ,
Низомий номидаги Тошкент давлат
педагогика университети
Ўзбек тили ва адабиёти факультети доценти,
филология фанлари номзоди
ЎзА