Абдуқодир Ҳусанов жорий мавсум АПЛдаги илк ўйинида муносиб кўрсаткич қайд этди
Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити” сафида Англия Премьер-лигасининг янги мавсум баҳсида майдонга тушди.
Ўтган ҳафта якунида футбол бўйича Англия Премьер-лигасининг янги мавсуми старт олган эди. Бугун “Фулҳэм” — “Челси” учрашувидан сўнг чемпионатнинг 1-тури якунланади.
Тур доирасида ўзбекистонлик футбол ихлосмандларининг диққат-марказида бўлган учрашувлардан бири “Манчестер Сити” ва “Борнмут” ўйини бўлди. “Этиҳад” стадионида ўтказилган баҳсда мезбонлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. “Манчестер Сити” таркибида ҳаракат қилаётган ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусанов учрашувни асосий таркибда бошлади. Марказий ҳимоячи сифатида майдонга тушган ҳамюртимиз баҳсни тўлиқ ўтказди.
А.Ҳусанов учрашув давомида 90 та узатманинг 87 тасини аниқ амалга оширди. Бу 97 фоизлик пас аниқлигини ташкил этди. Шунингдек, футболчимиз тўпга 97 марта тегинди. Статистик маълумотларга ихтисослашган “Flashscore” портали Абдуқодир Ҳусановнинг ўйинини 8,2 баллга баҳолади. “Sofascore”да эса унинг ҳаракатларини 7,0 баллга лойиқ кўрди.
Шу тариқа, “Манчестер Сити” янги мавсумни ғалаба билан бошлади.

Премьер-лиганинг 1-туридан ўрин олган яна бир марказий баҳс “Ньюкасл Юнайтед” — “Ливерпуль” жамоалари ўртасида бўлиб ўтди. “Сент-Джеймс Парк” стадионида кечган учрашув 2:2 ҳисобида дуранг билан якунланди.
Ушбу ўйиннинг 5-дақиқасида Энтони Эланга “Ньюкасл”ни олдинга олиб чиқди. Иккинчи бўлимда “Ливерпуль” жавоб голини урди. 55-дақиқада Коди Гакпо ҳисобни тенглаштирди. 58-дақиқада Жо Уиллок мезбонларни яна олдинга олиб чиқди. Бироқ, учрашувнинг асосий вақтига қўшиб берилган 9-дақиқада Доминик Собослаи пенальтидан унумли фойдаланиб, ҳисобни 2:2 кўринишига келтирди.
Премьер-лига 1-турида ҳозирга қадар қуйидаги натижалар қайд этилди:
“Арсенал” — “Ковентри Сити” — 3:0;
“Ҳалл Сити” — “Манчестер Юнайтед” — 2:0;
“Ипсвич Таун” — “Сандерленд” — 2:1;
“Эвертон” — “Кристал Пэлас” — 2:0;
“Ноттингем Форест” — “Лидс Юнайтед” — 0:1;
“Брентфорд” — “Тоттенхэм” — 3:0;
“Брайтон” — “Астон Вилла” — 4:0;
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА