Абдулла Қаҳҳор сўз даҳоси
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор таваллудининг 114 йиллиги муносабати билан жойларда тадбирлар давом этмоқда.
Адиблар хиёбонида Кинематография агентлиги томонидан адиб ҳаёти ва ижодига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилиши кўзда тутилган. Адиб яшаган уй музейида ҳам маърифий тадбирлар, учрашувлар ўтказилмоқда. Тошкент шаҳар ва вилоятлардан Абдулла Қаҳҳор ихлосмандлари зиёрат учун келиб туришади. Адиб уй-музейида инновацион “SMART” технологияси ўрнатилган (ушбу технология 5 та тил – ўзбек, инглиз, рус, француз, япон тилларида музей экспонатлари ҳақида маълумот беради).
Мемориал музейдаги айнан ёзувчи ҳаётидан сўзловчи турли экспонатлар, эсдалик суратлар, нодир китоблар, қўлёзмалар, либослар, у сурган шахмат доналари, кийган либослари ва яқинлари ҳадя қилган эсдалик совғалари сақланган бурчаклар саёҳатчиларда қизиқиш уйғотади.

– Отам – Юнус Ражабий билан Абдулла Қаҳҳор иштирокидаги йиғинларни яхши эслайман, отам жўшиб куйласа, Абдулла Қаҳҳор ҳар бир сўзнинг асл маъносини чақиб, йиғилганларга етказиб турар эди, – деди Ўзбекистон халқ ҳофизи Ҳасан Ражабий. – Маҳалламиз бир, уйимиз яқин бўлгани учун отам тез-тез Абдулла Қаҳҳор билан суҳбатлашгани келиб турар, бир пиёла чой устида мусиқа ва адабиётнинг ажралмас санъат тури эканлиги, сўз латофати ва оҳанг сеҳри ҳақида кенг мушоҳадалар юритиларди. Ушбу уй-музей мен учун жуда қадрли, бу ерга ҳар гал келганимда мени улуғ ҳислар чўлғаб олади, худди, сўрида отам ва Абдулла ака суҳбат қуриб тургандек туюлади.
Абдулла Қаҳҳор уй-музейи чинакам маънода тадқиқотчилар учун манбаларга бой маскан, деса муболаға бўлмайди.

– Абдулла Қаҳҳор асарлари қарийб 20 та тилга таржима қилинган, – деди уй-музей илмий ходими Муроджон Норқобилов. – Биз адибнинг матбуотда эълон қилинган ижодий ишларини ва ҳаётидан сўзловчи ҳар бир маълумотни йиғиб, уй-музейга жойлаштирамиз. Бундан ташқари, ҳар йили адиб ҳаёти ва ижодидан қилинган илмий ишлар, янги кўрсатув ва лавҳалар ҳам масканнинг янада салоҳияти ошишига хизмат қилмоқда.
Адибнинг ёрқин хотиралари, бой маънавий мероси сақланган уй-музей барча учун ҳар куни фаолият юритади. Адабиёт ихлосмандлари, қаҳҳоршунос олимлар учун ушбу маскан эшиги очиқ.
Д.Маматова, Ўз