Абдулла Қодирий мактабига хуш келибсиз
Шу пайтга қадар юртимизнинг олтита ҳудудида олти адиб номи билан аталадиган Ижод мактаблари фаолият олиб бораётган эди.
Шу пайтга қадар юртимизнинг олтита ҳудудида олти адиб номи билан аталадиган Ижод мактаблари фаолият олиб бораётган эди. Бу йил эса уларнинг сафи яна учтага кўпайди. Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида Ҳалима Худойбердиева, Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида Огаҳий ҳамда Тошкент шаҳрида Абдулла Қодирий номидаги Ижод мактаблари очилди. Жорий йилда очилган Ижод мактабларининг 5-, 6-, 7-, 8-синфларига, шунингдек бошқа мактабларнинг 5-синфларига иқтидорли, аълочи, билимдон ўқувчилар ижодий имтиҳон ва тест синовлари асосида қабул қилинди. Ижод мактабларининг ижодий имтиҳонлари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Халқ таълими вазирлиги томонидан, тест синовлари Давлат тест маркази томонидан ўтказилди. Тошкент шаҳрида ташкил этилган Абдулла Қодирий номидаги ижод мактабига ҳужжат топширган 488 нафар ўқувчи орасидан ижодий ва тест имтиҳонлари асосида ҳар бир синфга 30 нафардан жами 120 нафар ўқувчи саралаб олинган. Айни вақтда мактаб ўқувчилари Олмазор туманидаги 119-мактаб биносида ўқитилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 декабрдаги 1027-сонли Фармойишга мувофиқ, Тошкент шаҳар ҳокимлигига ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирий ижодига бағишланган адабий музей, кутубхона билан биргаликда ижод мактаби барпо этиш вазифаси белгиланган. Айни кунларда Олмазор туманида жойлашган Абдулла Қодирий номидаги истироҳат боғида адиб ижодига бағишланган мажмуа барпо этилмоқда. Адабий музей, кутубхона билан биргаликда ижод мактаби биносининг қурилиш ишлари бошлаб юборилган.
Абдулла Қодирий ижод мактабига қабул қилинган ўқувчиларни табриклаш, уларни жўшқин ижод қилишга ундаш, халққа, юртга керакли инсонлар бўлиб етишишига туртки бериш мақсадида 5 сентябрь куни соат 11:00 да Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ижодий учрашув ташкил этилди. Тадбирда Ёзувчилар уюшмасининг аъзолари, адабиётшунос олимлар, Халқ таълими вазирлиги вакиллари, ижод мактаби ўқувчилари, мактаб раҳбарияти, ўқитувчилар, ўқувчиларнинг ота-оналари ҳамда Оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг Ёшлар масалалари бўйича ўринбосари, ижод мактаблари бўйича масъул раҳбар Нодир Жонузоқ олиб борди.
“Буюк кишилар ўзи туғилган юртини, миллатини ўз меҳнати, бетакрор ижоди, жасорати билан дунёга танитади. Халқи ва юртининг фахрига айланади. Улар ўз номи билан бутун бир халқ, Ватани шарафини мангулик саҳифасига муҳрлайди.
Шукрлар бўлсинким, ўзбекда бундай чўққилар оз эмас. Уларнинг бири Абдулла Қодирийдир. Бу зот ўзбек романчилигини бошлаб берган улуғ намояндалардан биридир. Улар асрлар оша она юрти ва халқининг бўйи-бастини бутун дунёга кўз-кўзлаб келмоқда”, деди у жумладан.
Тадбирда ўзбек романчилигининг асосчиси, фидойи миллатпарвар Абдулла Қодирийнинг қатағонга учраши ҳақидаги видеотасвир намойиш этилди. Унда Абдулла Қодирий тилидан айтилган “ Адабиёт – абадият демак. Биз ва биз каби ҳақиқатни муқаддас билиб қалам тебратган барчамиз адабиёт шарофати ила абадиятга йўнармиз. Бизнинг фарзандларимиз, улар бўлмаса уларнинг фарзандлари, ёинки уларнинг ўғил-қизлари бўлсин, ёзғонларимизни ўқир эсалар, бизнинг қаламга олган ҳақиқатимиз яшайверур. Ҳақиқат яшар экан, биз ҳам яшайверамиз” сўзлари тадбирнинг барча иштирокчиларини тўлқинлантирди.
Ижод мактабига қабул қилинган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарини Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директорининг ўринбосари Шуҳрат Ризаев, Филология фанлари доктори Баҳодир Каримов, Олмазор тумани Халқ таълими бўлими мудири Замира Азимбоева, Тошкент шаҳар Халқ таълими бошқармаси узлуксиз методик хизмат бўлими бошлиғи Нигора Икромовалар қизғин муборакбод этдилар.
“Сизнинг орангизда Қодирийдек халқпарвар фидойилар, ҳақ сўзни айтадиганлар, етук романнавислар ўтирганига шак-шубҳа йўқ. Бугун бу ерда ўтирган ўқувчилар яхши адабиётшунослар, журналистлар, тарихчилар бўлиб етишишини тилаймиз”, деди жумладан Шуҳрат Ризаев.
Нодир Жонузоқ, шунингдек, ижод мактабларидаги таълим жараёни, ўқув дастурларини такомиллаштириш ишлари Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда олиб борилаётганлиги ҳақида маълумотлар берди.
А.Қодирий номидаги ижод мактаби директори, педагогика фанлари номзоди, доцент Нилуфар Йўлдошеванинг мактаб ўқувчиларига табриги янгради:
Азиз ўқувчим! Сен бугун Абдулла Қодирий номидаги Ижод мактаби остонасига илк қадам қўйдинг, қадаминг қутлуғ бўлсин! Ўз зеҳнинг, теран тафаккуринг, гўзал одобинг ва жажжи қалбингдаги бетакрор маърифат ила улкан, забардаст ижод аҳлига издошлигинг, севимли ворислигинг муборак бўлсин!
Мактаб жуда катта гулзор. Бу гулзорда турли хил ифорлар, бир-биридан мафтункор, бетакрор илм чашмалари, турфа ранг гуллари, жон қулоқ бўлиб тинглайдиган булбул хонишлари бор. Ҳар кунинг ўзгача, сермаҳсул ва бетакрор, янги-янги билимлар чўққиси сари етаклайверади.
Сен албатта, халқимиз ардоқлаган, шоир ва адиблар, дунё тамаддунида эътироф этилган мумтозларнинг ижод бўстонидан баҳраманд бўласан, бундай бахтни орзулаган минглаб дўстларинг орасидан фақат сенинг шу ижод гулшанида борлигинг, аввало ота-онанг, қолаверса жонажон Ватанимиз бахти эмасми?!
“Адабиёт яшаса, миллат яшайди” деган пурмаъно ўгитни доимо ёдингда тут! Ўз халқинг, Ватанинг, Президентинг сендан Ўзбекистон тараққиёти, келажак стратегияси учун жуда катта ишлар кутмоқда. Аждодлардан авлодларга тақдим қилинган маънавий мерос энди ишончли қўлларда эканлигига шубҳамиз йўқ. Сен албатта ишончимизни оқлайсан!
Ҳа, куртак ёзаётган илҳомни авайлаш керак, холос. Йўл-йўриқ даркор. Боланинг бутун бошли шеърида атиги битта сўз ярқ этиб кўринса агар, уни чўғ деб қабул қилиб “пуф-пуфлаш”, учқунни оловлантириш – олий саодат. Бу борада юртимизда амалга оширилаётган хайрли ишлар янада кенг қулоч ёзаётгани қувонарлидир.
Тадбирга таклиф этилган Хондамир Қодирий – Абдулла Қодирийнинг набираси, Ҳабибулла Қодирийнинг ўғли мактаб ўқувчиларини қизғин табриклаб, уларга хотираларидан сўзлаб берди. Кўпроқ китоб ўқишга, ёшликни қадрлашга, ҳақиқат учун курашчан, ҳалол бўлишга даъват этди.
Тадбирда ўқувчилар, ўқувчиларнинг ота-оналари ҳам ўз қувончларини бўлишдилар, таклиф-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.
“Бобомиз Абдулла Қодирий номидаги мактабга ҳужжат топширганимдан бери қабул қилинсам эди”, деган ўй хаёлимни тинч қўймади. Бир оз шеър машқ қиламан, лекин ёзганларим арзимаслиги ҳам мумкин. Мақсадим, яхши адабиётшунос бўлиш. Бугун устозларнинг фикрларини эшитиб, бу орзуимга етишишга янада қаттиқ аҳд қилдим”, дейди 7-синф ўқувчиси Заҳро Абдуллаева.
Тадбир якунида мактабнинг барча ўқувчиларига Ёзувчилар уюшмаси томонидан китоблар туҳфа қилинди.
Маъмура ЗОҲИДОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ўқув-методика ва ҳарбий-ватанпарварлик бўлими бош мутахассиси.