Абдулазиз Хўжаков: “Ичимлик суви сифатига эътибор қувур танлашдан бошланади”
Сув таъминоти, энергетика, саноат ва қишлоқ хўжалигида ишончли инфратузилма яратишда замонавий қувур тизимлари муҳим ўрин тутади. Айниқса, юқори босимга чидамли полиэтилен қувурларга бўлган талабнинг ортиши маҳаллий ишлаб чиқарувчилар олдига маҳсулот сифати, хомашё таъминоти ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш каби вазифаларни қўймоқда.
“Mega Plast Group” МЧЖ ҳам мазкур йўналишда фаолият юритиб, турли диаметрдаги полиэтилен қувурлар ҳамда томчилатиб суғориш тизимлари учун маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда. Корхона маҳсулотлари энергетика ва йирик инфратузилма объектларида қўлланилиши билан бирга, ташқи бозорга ҳам чиқарилмоқда.
Соҳадаги мавжуд имкониятлар, маҳсулот сифатига қўйилаётган талаблар, хомашё масаласи, йирик лойиҳалардаги иштирок, экспорт йўналишлари ва хорижий ҳамкорлик истиқболлари ҳақида “Mega Plast Group” МЧЖ менежер-маркетологи Абдулазиз Хўжаков билан суҳбатлашдик.
– Аввало, “Mega Plast Group” МЧЖнинг фаолияти, ишлаб чиқариш йўналишлари ва бугунги имкониятлари ҳақида тўхталиб ўтсангиз. Корхона қандай маҳсулотлар тайёрлайди ва улар асосан қайси соҳаларда қўлланилмоқда?
– “Mega Plast Group” МЧЖ 2016 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Корхона асосан юқори босимга чидамли полиэтилен қувурлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Маҳсулотлар диаметри 16 миллиметрдан 500 миллиметргача бўлган қувурларни қамраб олади.
Шу билан бирга, боғдорчилик ва узумчилик соҳалари учун томчилатиб суғоришга мўлжалланган ускуналар ҳам ишлаб чиқарилади. Яъни, фаолиятимиз фақат битта йўналиш билан чекланмайди. Сув таъминоти, энергетика, саноат, қурилиш ва қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эътибор қаратганмиз.
Корхонанинг асосий ишлаб чиқариш базаси ҳисобланган “Kalina Lyuks Servis” МЧЖ 2007 йилдан бери фаолият юритади. “Mega Plast Group” эса шу ишлаб чиқариш тажрибаси ва имкониятлари негизида шаклланди.
Ишлаб чиқаришни ривожлантириш жараёнида замонавий технология ва ускуналарга ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, 2019 йилда Микрокредитбанкнинг Жиззах филиали орқали “Kalina Lyuks Servis” МЧЖ учун кредит маблағлари жалб қилинган. 2020 йилда 208 минг 500 АҚШ долларига замонавий ускуналар олиб келинди.
Тадбиркорлик фаолиятида турли қийинчиликлар бўлиши табиий. Лекин асосий мақсад ишлаб чиқаришни тўхтатмасдан, босқичма-босқич ривожлантиришдан иборат бўлди. Бугунги натижалар ҳам шу изчил меҳнатнинг самарасидир.
– Полиэтилен қувур ишлаб чиқаришда маҳсулотнинг сифати, хомашё ва стандартларга риоя қилиш энг муҳим масалалардан бири. Корхонангизда бу жараён қандай ташкил этилган? Айниқса, ичимлик суви учун мўлжалланган қувурларда сифат масаласига қандай ёндашасизлар?
– Қувурнинг сифати, биринчи навбатда, ишлатиладиган хомашёдан бошланади. Шу сабабли, биз бирламчи хомашёдан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратамиз. Хусусан, PЭ-100 маркали маҳсулотлар учун зарур хомашёни Россиянинг “Sibur” компаниясидан импорт қиламиз.
Ҳозирги кунда PЭ-100 маркали хомашё Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайди. Мамлакатимизда “Шўртангаз”, “Ўзкоргаз” каби ишлаб чиқарувчи корхоналар мавжуд ва уларнинг вакиллари билан ҳам учрашувлар ўтказганмиз. Лекин мазкур маркадаги хомашё бўйича эҳтиёж ҳозирча импорт ҳисобига таъминланмоқда.
Маҳсулот ишлаб чиқарилгандан кейин унинг сифати лабораторияда назорат қилинади. Корхонада бунинг учун зарур шароит ва ускуналар мавжуд. Биз давлат стандартлари талабларига амал қиламиз. 18 сентябрь куни давлат стандарти бўйича сертификатимизни янгиладик ва унинг амал қилиш муддати яна уч йилга узайтирилди.
Биз учун сертификат шунчаки ҳужжат эмас. Ишлаб чиқарувчига билдирилган ишонч ва давлат томонидан белгиланган стандартларга риоя қилиш катта масъулият юклайди. Шунинг учун маҳсулотни белгиланган талабларга мувофиқ ишлаб чиқаришга ҳаракат қиламиз.
Айниқса, ичимлик суви тармоқларида қувур сифатига жиддий ёндашиш зарур. Агар қувур сифатсиз хомашёдан тайёрланса, кейинчалик хонадонларга турли фильтр ва қўшимча қурилмалар ўрнатишнинг ўзи масалани тўлиқ ҳал қилмаслиги мумкин. Шу боис ичимлик суви тармоқларида қувурнинг сифати ва қандай хомашёдан ишлаб чиқарилгани муҳим аҳамиятга эга.
– Бугун корхона маҳсулотлари қайси йирик объектларда қўлланилаётгани ҳақида ҳам маълумот берсангиз. Хусусан, атом электр станцияси ва энергетика объектларидаги лойиҳаларда маҳсулотларингизнинг иштироки қандай?
– Бугунги кунда маҳсулотларимиз бир қатор йирик инфратузилма ва энергетика лойиҳаларида қўлланилмоқда. Жумладан, Жиззах вилоятининг Фориш туманида қурилаётган атом электр станцияси лойиҳаси доирасида сувни қочириш йўналишида полиэтилен қувурлар етказиб бердик.
Мазкур қувурлар объектда ишлатилиб, амалда синовдан ўтмоқда. Бу биз учун ҳам муҳим тажриба, чунки маҳсулотнинг юқори босимга чидамлилиги ва эксплуатация хусусиятлари реал объектда намоён бўлади. Ушбу йўналишда OʻzGASHKLITI билан шартнома асосида ҳам ҳамкорлик қилдик.
АЭС лойиҳасидаги ишлар ҳали давом этмоқда. У ерда 121 километр узунликда ичимлик суви тармоқлари тортилиши режалаштирилган. Шунингдек, ҳудудда янги шаҳарча барпо этиш бўйича ишлар ҳам олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, Туркиянинг “Chalik Energy” компанияси билан ҳам ҳамкорлик қилаяпмиз. У Навоий вилоятининг Кармана ҳудудида электр подстанцияси, Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида, Толимаржон ҳудудида яна бир подстанция қуриш ишларини амалга оширмоқда. Бизнинг полиэтилен қувурларимиз ушбу объектларда ҳам қўлланилмоқда.
Шунингдек, нефть компаниялари, сув таъминоти ва сув инжиниринги йўналишидаги ташкилотлар билан ҳам ишлаш имкониятлари мавжуд. Мақсадимиз маҳсулотларимизни турли соҳаларда кенг қўллаш ва сифатли қувурларга бўлган талабни маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобига таъминлашдир.
– Ички бозордаги фаолият билан бир қаторда ташқи бозорга чиқиш ҳам муҳим. Бугун корхона қайси бозорларга маҳсулот етказиб бермоқда ва экспортни кенгайтириш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Ҳозирги кунда асосий бозоримиз ички бозор ҳисобланади. Корхона кичик ва ўрта бизнес субъекти сифатида ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш босқичида. Шунинг учун ҳали ички бозорни тўлиқ қамраб олдик, деб айтолмаймиз.
Айниқса, биз аҳоли ва буюртмачиларнинг сифатли маҳсулотга бўлган ишончини оширишга эътибор қаратяпмиз. Тоза ичимлик суви билан боғлиқ лойиҳаларда қувур сифатига эътибор қаратиш муҳим. Шу билан бирга, боғдорчилик ва узумчиликда томчилатиб суғориш тизимларини ривожлантириш ҳам биз учун алоҳида йўналиш ҳисобланади.
Ташқи бозорга чиқиш бўйича ҳам дастлабки натижалар бор. Жорий йилнинг 1 апрель куни “Mega Plast Group” МЧЖ маҳсулотларини Тожикистонга экспорт қилдик. Бу биз учун экспорт йўналишидаги муҳим қадам бўлди.
Келгусида ташқи бозорлар сонини кўпайтириш ва хорижий компаниялар билан ҳамкорликни кенгайтиришни режалаштиряпмиз. Бунинг учун маҳсулот сифати, халқаро талабларга мослик ва ишончли етказиб бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратамиз.
– Корхона Тошкентда ташкил этилган “Пластмасса ва полимерлар саноати” 16-халқаро кўргазмасида илк бор иштирок этмоқда. Ушбу тадбир доирасида қандай янги лойиҳалар ва шартномалар бўйича музокаралар олиб боряпсизлар? Яқин истиқболда корхона олдига қандай вазифалар қўйилган?
– Хорижий ҳамкорлар билан алоқаларимиз анча йиллик тарихга эга. Хусусан, Хитой компаниялари билан 2005 йилдан бери ҳамкорлик қилиб келамиз. Кўргазмада “KonRun” компанияси билан ҳам музокаралар олиб боряпмиз.
Ушбу компания билан Ўзбекистонда қўшма корхона ташкил этиш бўйича таклиф берганмиз. Кўргазма якунланганидан кейин Жиззах вилоятига бориб, ишлаб чиқаришни жойлаштириш мумкин бўлган ҳудудлар, мавжуд шароитлар ва инфратузилма билан таништиришни режалаштиряпмиз. Бу ҳам мамлакатимизда ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги технологияларни жалб қилиш ва ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш имконини беради.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева
суҳбатлашди.