Аҳоли ортиқча оворагарчиликдан қутилди...
Андижон вилояти Марҳамат туманида ҳам бу борада туман ҳокими раҳбарлигида тузилган Ишчи гуруҳ томонидан кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жорий йил 3 апрель куни Президентимиз раҳбарлигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида карантин шароитида аҳолини зарур озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар билан таъминлаш борасидаги ишларни уюшқоқлик билан ташкил этиш юзасидан муҳим вазифалар белгилаб берилган эди.
Андижон вилояти Марҳамат туманида ҳам бу борада туман ҳокими раҳбарлигида тузилган Ишчи гуруҳ томонидан кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, сектор раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши кураш Департаменти туман бўлими, савдо ташкилотлари, тадбиркорлар ҳамкорлигида карантин шароитида аҳолини энг зарур озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар билан узлуксиз таъминлаш мақсадида кўчма автодўконлар ташкил этилди.
Бугунги кунда 96 та енгил ва юк автомашиналаридан иборат кўчма автодўконлар график асосида тумандаги мавжуд 65 маҳаллада юриб, ун, ўсимлик ёғи, гуруч, пиёз, картошка сингари энг муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда хўжалик моллари савдосини ташкил этмоқда.
– Карантин шароитида автодўконларнинг ташкил этилганлигидан маҳалламиз аҳли жуда хурсанд, – дейди Гар-гар маҳалласида яшовчи уй бекаси Ҳамидахон Саидова. – Бу билан оғиримиз анча енгил бўлди, бозорга бориб турли маҳсулотлар олиб келиш муаммосидан қутулдик. Қийин бир шароитда халқимиз учун яратилган бундай қулайликлар, барчани, айниқса, уй бекаларини беҳад хурсанд қилмоқда.
Кўчма автодўконлар фаолияти карантин ҳамда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича белгиланган барча тартиб-қоидаларга тўла амал қилган ҳолда олиб борилмоқда.